Абдулҳамид махдум Султон ўғли

Абдулҳамид махдум Султон ўғли 1887 йилда Марғилоннинг Эшонгузар маҳалласида зиёли оилада дунёга келган. Отаси Султон Ғозиҳожи ўғли даврининг маърифатпарвар кишиларидан эди. Абдулҳамид махдум ёшлигида Қуръони каримни тўлиқ ёд олгач, Марғилондаги Қаландархона мадрасасида Муҳаммаджон қори қўлида таълим олган. У зеҳни ўткир ва қобилиятли эканидан тезда бошқа талабалардан ўзиб кетади.

Абдулҳамид махдум аввал Марғилон шаҳридаги Жаҳр масжидида тўрт йил, кейин шаҳар марказидаги Мўйи Муборак масжидида ўн йил чамаси хизмат қилади. Шунингдек, 1925-1928 йилларда Ётиқтут масжидида имомлик қилган. Унинг ҳузурига кўп жойлардан, жумладан, Қирғизистоннинг Қорасув қишлоғидан қирғиз талабалар ҳам келиб дарс олишган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилганда идора буйруқ ва фатволарининг Марғилонда жорий бўлишида Абдулҳамид махдумнинг хизмати каттадир. У бир неча масжидларнинг очилишига бош бўлган. 1945 йилнинг 27 январида тузилган рўйхатга кўра Абдулҳамид махдум диний назоратнинг Марғилондаги вакили бўлган. 1943 йилда Хонақоҳ масжиди қайта очилганда Абдулҳамид махдум имом-хатиб этиб тайинланади. Бундан шаҳар аҳли чин маънода шод бўладилар. Бу шодлик қуйидаги мисраларда акс этган:

Худовандим атоси бизлара Махдум имом ўлди,
Очилди бахтимиз, қайтиб эришдик биз саодатга.
Илоҳий пойдор ўлсун имоматлик мақомида,
Қилиб ваъз-насиҳатлар айласунлар қилган одатга.
Ярашган Хонақоҳнинг масжидига ҳазрати Махдум,
Имоматлик, хатибликда муносиб бўлди қоматга.

Абдулҳамид махдум Султонов 1950 йилда вафот этган. Марғилондаги Оқмасжид қабристонига дафн қилинган. Жалолиддин қори Марғиноний Абдулҳамид махдум вафоти муносабати билан қуйидаги марсияни битган:

Сана бир минг уч юз етмишинчи сол ҳижрийда,
Сафарнинг саккизи эрди куни якшанба кунида.
Фасиҳи парда бўлдилар шу кун соат ўнида,
Худонингчин қули махдумимиздан айрилиб қолдик.
Ёшидур олтмиш учга етган эди, билсангиз аҳбоблар,
Расулуллоҳга тобе умматдин айрилиб қолдик.

«Ўзбекистон уламолари» китобидан

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan