Абдувоҳид Аҳмадалиев: «Бу ютуқ – барча имомлар ютуғи»

Аввало, бизни амалга оширган кичик ва камтарона меҳнатимизни юқори баҳолаб, мана шундай эътирофга лойиқ кўришганидан бошимиз кўкка етди. Бу ютуқ менинг шахсий ютуғим эмас, балки юртимизда фаолият олиб бораётган, халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошириш, уларга муқаддас динимиз таълимотларини етказишда беминнат хизмат қилиб келаётган барча имом-домлаларимизнинг ютуғи деб ҳисоблайман. Биз иштирокчилар нафақат мусобақалашдик, балки бир-биримиздан билмаганларимизни ҳам ўргандик.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бир инсонни илм-маърифатли, дину диёнат соҳиби бўлиб камол топишида, албатта, ота-она ва устозларнинг хизмати беқиёсдир. Шу маънода бу ютуқ – бизни мана шу маррага етиб келишда беминнат хизматларини аямаган азизларнинг ютуғи.

Қолаверса, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров имом-хатибларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва илмий савиясига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Айниқса, домламиз имом-хатибларимизни кўпроқ ўз устумизда ишлашга ундаш билан бирга ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бунинг учун домламизга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Абдувоҳид Аҳмадалиев Муҳаммадазим ўғли

1977 йили Марғилон шаҳрида таваллуд топган. 1992 йилда Марғилон шаҳридаги 4-ўрта мактабни тамомлаб, “Саййид Аҳмад Хўжа Эшон” мадарасасига ўқишга қабул қилиниб, 1995 йилга қадар таълим олган. 1995 йилдан бошлаб Марғилон шаҳридаги турли масжидларда имом хатиб ва имом ноиб бўлиб ишлаган. Жумладан, дастлаб “Жўролмон” масжидида (1995-1997 йиллар) имом-хатиб ва кейинчалик (1997-1999 йиллар) “Гумбаз” масжидида имом-хатиб ҳамда 1999-2002 йиллари “Худоёрҳожи” масжидида имом-ноиби вазифасида фаолият олиб борган.

2006 йили Тошкент Давлат Шарқшунослик институтининг “Халқаро алоқалар ва иқтисод” факультети “Диншунослик” мутахассислиги бўйича бакалавр даражасини берувчи диплом билан тамомлаган. Эътиборли жиҳати шундаки, бакалавр даражасини олиш учун ёзган диплом иши мавзуси Абдулмалик ибн Ҳишомнинг “ас-сийра ан-Набавийя” асари ислом тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, кейинчалик мазкур ўта муҳим асар Абдувоҳид Аҳмадалиев ва махсус таржимонлар гуруҳи томонидан ўзбек тилига таржима қилинди ва икки мужаллад (1-2, 3-4) нусхада “Шарқ” нашриёти томонидан 5000 нусхада нашр этилган.

Абдувоҳид Аҳмадалиев  2006 йилда ўзи таълим олган Тошкент Давлат Шарқшунослик институтининг магистратурасида ўқишни давом эттириб, 2008 йилда аъло баҳолар билан “Исломшунослик” мутахассислиги бўйича магистр дипломига эга бўлган. Унинг магистрлик диссертацияси “Низомиддин аш-Шошийнинг “Китоб ал-Хамсийн” асари ҳанафий фиқҳи бўйича мухтасар манба” мавзусида бўлиб, бу асар илм аҳли орасида “Усул аш-Шоший” номи билан машҳурдир. Диссертант ўз тадқиқоти асносида эришган асосий ютуғи – бу машҳур асарнинг асл муаллифи ким эканлигини илмий фактлар асосида аниқлагани ҳамда асарнинг муаллиф даврига яқин қўлёзма нусхаларини топганлиги ва уларни ўзаро қиёсий таҳлил этганлиги. Кейинчалик Аллоҳ таолонинг инояти билан диссертант Абдувоҳид Аҳмадалиев “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташаббуслари билан у кишининг таҳрири остида “Усул аш-Шоший” асарини она тилимиз ўзбек тилига таржима ва шарҳ қилишга муяссар бўлди. Асар “Усулуш Шоший” номи билан 2016 йилда Тошкент “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан нашр этилди ва республикамиз ҳудудида жойлашган барча ўрта-махсус ва олий диний билим юртларида “Усулул-фиқҳ” фанидан асосий қўлланма сифатида истифода этиш учун талаба ва мударрисларга тақдим қилинди.

Абдувоҳид Аҳмадалиев 2008 йилдан шу кунга қадар Марғилон шаҳридаги “Худоёр ҳожи” масжидида имом-ноиби вазифасида ишлаб келмоқда.

Раҳматилло ЖАЛИЛОВ тайёрлади

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan