Абу Бакрнинг Ислом йўлидаги сарфлари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг содиқлари ўлароқ севикли ҳабибларидан бир нафас ҳам ажралмай, доимо бирга бўлишга ҳаракат қиларди. Фақат савдо мақсадида бирор ёққа борганларидагина бироз фурсат ажралишга мажбур бўлардилар. Ишларини битказгач, тезда яна дўстларининг ёнларига қайтиб келардилар. Ўзларида мавжуд нарсаларини хоҳ арзон, хоҳ қиммат бўлсин, дин ғалабаси йўлига аямай сарф этардилар.

Бир куни Умайя ибн Халаф исмли кофирлар сардори Исломни қабул қилган ўзининг қули Билол ибн Рабоҳ иймондан қайтариш учун азоблаётгани, қумлоқ саҳрога олиб чиқиб қайноқ қумларга ётқизиб устига оғир тошларни бостириб қийнаётганини кўрдилар. Берилаётган азоб қулнинг фақат иймонини зиёда қиларди, холос. Шунчалик қийноқ ва азоблар оташида турган пайтида ҳам оғзидан ягона «АҲАД», «АҲАД» деган сўз чиқарди. Абу Бакр Умайядан Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуни катта пул баробарига сотиб оладилар. Кейин эса У зот ҳидоят қилиб йўллаган Ислом муҳаббати учун уни озод қилиб юборадилар.

Умар ибн Хаттобнинг Замир Румия исмли чўрилари бўлар эди. У аёл Умардан аввалроқ Исломни қабул қилганди. Ҳазрати Умар уни қаттиқ қийнаб, жуда кўп мартаба урганлари натижасида чўрининг кўзлари кўр бўлиб қолганди. Аммо шу ҳолатида ҳам Аллоҳ кўрсатган йўлидан четга тоймаганди. Кўзидан ажралса-да, иймонидан айрилмаганди. Абу Бакр бу чўрини сотиб оладилар, кейин эса озод қилиб юборадилар. Чўрининг кўзлари ожиз бўлиб қолган пайтда қурайшликлар: «мана бу мочағар Лот ва Манотнинг қарғишига қолди», деб гап-сўз тарқатганида, у аёл шундай деганди:

— Бу гапларингиз беҳуда. Лот ва Манот ҳеч нарсани билмайди ҳам, ҳеч нарса қилолмайди ҳам. Менинг меҳрибон Роббим эса ҳамма нарсага ҳатто мени кўзимни қайта очиб қўйишга ҳам қодирдур!

Эртасига тонг отганда Аллоҳнинг марҳамати туфайли аёлнинг кўзи қайта очилиб, ёруғ дунёни яна кўришга муяссар бўлди. Буни кўрган қурайшликлар: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг сеҳридан бўлган иш” дегандилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фақат мана шу икковларинигина озод этигина қолмай, балки Омир ибн Фуҳайр, Умму Унайс ва Абр ибн Жуминанинг жорияси бўлган икки қизни ҳамда булардан бошқа бир қанча кишиларни озод этганлар. Шунчалик кўп молларини Аллоҳ йўлида сарфлаганлари сабабидан ҳатто Аллоҳ таоло у киши ҳақларида оят нозил қилганди.

«Кимки берса ва тақво қилса, Исломни тасдиқ этса, бас биз уни осонликка йўллаб қўямиз».

Ҳа, Абу Бакр мана шу мартабага лойиқ бўлганлар. Исломга дохил бўлган вақтларида бойликларининг қиймати қирқ минг дирҳамга етганди. Мадинага ҳижрат қилаётган пайтларида мана шу улкан бойликдан фақатгана беш минг дирҳам қолганди, холос. Бошқасини Ислом манфаати йўлида сарф этиб юборгандилар. Раббиларига йўлиққан онларида эса ёнларида ҳеч қандай бойликлари ҳам қолмаганди.

Бахтиёр ШЕРМАТОВ,

Олтиариқ тумари бош имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan