Абу Ҳанифа (р.а.)нинг заковати

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар битилган. Биз эса, у кишининг ибратли ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқишни мақсад қилдик.

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит  ибн Зутий Куфа шаҳрида саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топдилар. У киши аҳли суннанинг фикҳий йўналишдаги мазҳаббошилари ичида энг аввал  туғилганларидир. У кишининг оталари Собит ибн Зутий асли форс бўлган. Боболари эса асли Қобуллик бўлган. Оталари Термиз, Насаф ва Анбор шаҳарларида яшаб охири Куфада қарор топган ҳамда Абу Ҳанифа айни шу шаҳарда дунёга келганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари Али розияллоҳу анҳу билан  учрашган ва ўзига ҳамда зурриётига барака сўраб, у кишининг дуоларига мушарраф бўлган.

Кўплаб тарихчилар Имоми Аъзамни  тобеъинлардан кейинги авлод мусулмонларидан дейдилар. Баъзилар эса у кишини тобеъин бўлганлари, саҳобалардан Анас ибн Молик  розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга  фарздир» ҳадисини ривоят қилганларини таъкидлайдилар. Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам  кўришган, аммо уларнинг суҳбатларида бўлмаганлар. Саҳобани  кўрган шахс тобеъин бўлади, деган уламолар Абу Ҳанифа рахматуллоҳи  алайҳ тобеъин дейдилар. Саҳобани кўрсаю, суҳбатини топмаса, тобеъин бўлмайди, дейдиган уламолар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеъин  бўлмаган дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша вақтнинг йирик шаҳри бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида қироат устозларининг бошлиги имом  Осимдан Қуръони каримни ёд олдилар.  Ёшликларидан таҳсили илм  қилдилар, бир вақтнинг ўзида ипак сотиб касб ҳам қилар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар. Кўпчилик эса, у  кишидаги ақл заковот ва ўткир зеҳн ила илмга уриниш лозимлигини  таъкидлар эди. Охири бу фикр Абу Ҳанифанинг ўзларига етказилди.

Ибн Ҳажар ал-Маккий ёзади: «Абу Ҳанифа айтдики: «Бир куни Шаъбийнинг  олдидан ўтиб қолдим. У ўтирган экан. У мени олдига чақириб:  «Кимга  аралашасан?» деди. «Бозорга аралашаман», дедим. «Бозорни айтаётганим йўк. Уламоларга аралашишни айтмокдаман», деди. «Мен уларга оз аралашаман», дедим. «Ундоқ қилма! Илмга назар сол! Уламолар мажлисига бор! Мен сенда сергаклик ва ҳаракатни кўрмокдаман», деди. Унинг гапи менга таъсир қилди. Бозорга боришни  тарк қилиб, илм олишни бошладим. Унинг сўзи ила Аллоҳ менга манфаат берди». Дастлаб у кишидан ақоид илмини ўрганиб, сўнг калом илмида донг  таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи  алайҳ қуйидагиларни айтганлар: «Мен каломда тортишиш қобилияти  берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим,  тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил, ундан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларнинг Абозия, Суфрия деган тоифалари ва  бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда илмларнинг афзали калом илми деб билардим. Бу илм диннинг аслидир, дердим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим…».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари имом Зуфар ибн Хузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади: «Абу Ҳанифа шундай деганларини эшитдим: «Каломга назар солар эдимки, ҳатто бунда менга бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Бир куни бир аёл  келиб: «Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ  қилмоқчи бўлди. Неча талоқ килади?» деди. Ҳаммоддан сўрашга ва  қайтиб келиб менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўради. У: «Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ кўяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча тек қўяди. Қачон ғусл қилса, бошқа  эркаклар учун ҳалол бўлади», деди. Аёл қайтиб кетди.  Мен, каломга ҳожатим йўқ, дедимда кавушимни олиб Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишар эди. Бас, у «халқанинг бошида, менинг рўпарамда Абу Ҳанифадан бошқа ҳеч ким  ўтирмасин!» дерди».

Одилжон МИРЗАЕВ, 

Ёзёвон тумани»Баҳоуддин Нақшбанд» масжиди имоми-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan