Алданиб қолма!

Бир одам йўлда кетаркан, деҳқонга дуч келибди ва салом берибди:
― Ассалому алайкум!
― Ва алайкум ассалом! Йўл бўлсин, биродар?
― Сигиримга ем олмоқчиман, шу тарафда бир баққол бор экан, шунинг дўконига кетяпман.
― Шунақами… ундай бўлса, эҳтиёт бўл, алданиб қолма!
― Мени ҳеч ким алдай олмайди!
― Мен айтдим қўйдим-да…

У одам баққолнинг дўконига етиб келибди. Салом-аликдан сўнг, емнинг нархини сўрабди. «Фалон нарх», – дебди баққол.
― Яхши, менга ўн кило берсангиз.
Баққол ўтирган жойидан қўзғалмабди. Қўли билан дўконнинг орқа томонига эринибгина ишора қилиб:
― Ўша ёққа ўтиб, емдан керагини олгин-да, менга пулини тўлаб кетавер. Ем тўкиб қўйилган жойда тарози ҳам бор, – дебди.

Харидор кўрсатилган тарафга ўтиб, халтасини тарозига қўйиб, ем сола бошлабди, ўн кило бўлгандан кейин қараса, атрофда ҳеч ким йўқ, баққол ўтирган жойдан бу тараф кўринмайди ҳам. Одам халтасига тўрт-беш кило ортиқча ем солибди ва баққолга ўн кило ем учун пул тўлаб, уни алдабди. Чиқиб, ўз йўлига кетибди. Йўлда яна бояги деҳқонни учратибди.
― Ем олдингми? – сўрабди деҳқон.
― Ҳа олдим. Сиз алданиб қолма, дегандингиз. Баққолингиз алдашни эплайдиган одам эмас-ку, бир жойда мудраб ўтирибди. Қайтага мен уни бопладим, тўрт-беш кило ортиқча ем олдим, сезгани ҳам йўқ…

Деҳқон бу одамнинг юзига ачиниш билан боқиб, бошини сарак-сарак қилибди:
― Мен сенга айтгандим-а, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл, дегандим-а! Афсус…
Аслида сен алдандинг! Арзимаган 4-5 кило ем учун хайр-баракангни қўлдан бой бердинг, баққолнинг гуноҳларини ўз елкангга олиб, дўзахни ўзингга тайин қилиб қўйдинг…

«Ҳикоялар сараси» телеграм каналидан олинди

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan