Аллоҳга таваккал қилиш қандай бўлади?

“Аллоҳга таваккал қилдим” деган сўз ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизда учраши сир эмас. Аслида бу мусулмон кишинг гўзал ахлоқидан. Аслини олганда “таваккал қилиш” қай йўсинда бўлади? Келинг, бу борада бироз мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Бир аъробий сўради: «Эй Аллоҳнинг Расули! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккал қилайми?» Пайғамбар (алайҳиссалом): «Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккал қил», дедилар.

Демак, биз ҳам ҳар қандай амалга киришар эканмиз, аввало, унинг сабабларини бажариб, сўнг Аллоҳга таваккал қилмоғимиз лозим.

Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: «Агар Аллоҳга ҳақиқатан таваккал қилсангиз, у эрта билан оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантиради».

Шақиқ Балхий ризқни ҳосил этиш учун ишламас, ризқ топишга баҳона изламасди. Бир пайт ҳажга борганда Маккада Иброҳим ибн Адҳам билан учрашиб қолди. У зот Балхийдан ризқ топиш учун бундай ҳаракат қилмаслигини сабабини сўради. Шақиқ Балхий ҳикоя қилди: «Бир вақтлар саҳрода кетаётгандим. Чўл ўртасида қаноти синиқ қушни кўрдим. У ҳаракат қила олмас, учолмас ҳам эди. Ўзимга ўзим: «Қани кўрайчи, бу қушга озуқа қаердан ва қандай етиб келар экан», деб кузата бошладим. Бир пайт оғзида чигирткани кўтариб олган қуш учиб келиб, уни бояги ярадор қуш оғзига тутди. Буни кўригач: «Бир ярадор қушга бошқа соғлом қуш орқали ризқини етказган Аллоҳ менга ҳам ризқимни етказади», дедим ўзимга-ўзим. Шундан эътиборан, ризқимни излашдан ортиқча ғам-ташвиш қилмай қўйдим ҳамда ортиқча овора бўлишни тарк этиб, ибодат билан машғул бўла бошладим.

Буни эшитган Иброҳим ибн Адҳам менга қарата: «Нечун сен ногирон қушга ризқини етказиб берувчи қуш бўлмайсан? Ҳаракат қилувчи қуш бўлсанг, янада фазилатли ва янада шарафлироқ бўлардинг! Эшитимаганмисан, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг: «Берган қўл олган қўлдан ҳайрлироқдур» деган сўзларини эшитмаганмисан?!”, дея танбеҳ берди.

Дарҳақиқат, ҳар ишда барча нарсанинг энг юксак даражасини талаб қилиш мўмин учун шарафдир. Солиҳлар Аллоҳ берган мартабага шу тарзда етадилар. Иброҳим ибн Адҳамнинг бу сўзларини эшитган Шақиқ Балхий ўзининг хато йўлда эканини англаб, кейинчалик Иброҳим ибн Адҳам ҳазратларини ўзига устоз деб билишидан шуни тушуниш мумкин.

Таваккал ва сабабга боғланиш мавзуида жуда муҳим нуқта мавжуд бўлиб, у шундай изоҳланади: ризқ таъминоти учун ишланади ва сабабга боғланилади. Лекин сабаб ва баҳоналар деганда «ҳар нарса» тушунилмайди. Ризққа сабаб баҳона бўлган нарсаларга асло эътибор берилмайди, уларга қаттиқ ёпишиб ҳам олинмайди. Ризқни тақдир этган ва уни белгилаган зот Аллоҳ таолодир. Шундай экан, кишининг ризқ сўрайдиган илоҳи фақат Аллоҳ бўлмоғи лозим. Демак, мусулмон киши Аллоҳга таваккал қилади, шу билан бирга унинг сабаб йўлини ҳам қидириб, унга интилади, фақат натижани эса Аллоҳга ҳавола қилади.

Алижон МИНГБОЕВ,
Риштон тумани «Қаландархона» масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan