Аршнинг соясидан баҳрамандлар

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ اَنَّهُ قَالَ:قالَ رَسُولُ اللهِ صَلِّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَبْعَةٌ يُظِلّهُمُ اللهُ فِى ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إلّاظِلُّهُ إِمامٌ عَادِلٌ وَشَابٌّ نَشَأَ فِى عِبادَةِ اللهِ وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِى الْمَسْجِدِ وَرَجُلانِ تَحَبَّا فِى اللهِ إِجْتَمَعا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقا عَلَيْهِ وَرَجُلٌ دَعَتْهُ إِمْرَأَةٌ ذَاتَ حَسَبٍ وَجَمالٍ فَقَالَ إِنِّى أَخافُ اللهَ وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ فَأَخْفَاها حَتّى لا يَعْلَمُ شِمَالُهُ مَا يُنْفِقُ يَمِيْنُهُ وَرَجُلٌ ذَكَرَاللهَ خالِياً فَغَاضَتْ عَيْنُهُ) مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

Абу Ҳурайра (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилдилар: “Етти тоифа киишиларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўз аршининг соясидан бошқа соя йўқ қиёмат кунида аршининг сояси остида соялантиради. Булар: Одил имом, Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит, қалби масжидга доим боғланган киши, Аллоҳ учун дўстлашган кишилар – улар Аллоҳ учун дўстлашиб, Аллоҳ учун ажрашадилар, гўзал ва насл насаб соҳибаси бўлган аёл (зинога) чақирганда – мен Аллоҳдан қўрқаман деб бормаган киши, ҳатто ўнг қўли берган нарсасини чап қўли билмас даражада садақасини махфий қилган киши, ҳеч ким йўқ жойда Аллоҳни эслаб кўз ёш тўккан киши”  (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

“Одил имом”, яъни адолатли раҳбар, бошлиқдир. Чунки халқнинг турмуши фаровон бўлиши, дунёнинг ободлиги, фуқароларнинг ҳаёти яхши бўлиши раҳбарларнинг адолатига боғлиқдир. Айтилишича: “Дунёнинг асоси тўрт нарса биландир: биринчиси олимларнинг илми билан, иккинчиси раҳбарларнинг адолати билан, учинчиси бойларнинг саховати билан, тўртинчиси эса фақирларнинг дуоси биландир”. Раҳбарнинг энг чиройли хулқи адолатли бўлишидадир. Зеро, Аллоҳ Қуръони каримда инсонларни адолатга буюриб, Наҳл сурасининг 90-оятида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга ва яхшилик қилишга буюради”. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам адолатнинг савоби олий эканини билдириб: “Бир соат қилинган адолат – кундузлари рўзадорлик, кечалари бедорлик билан ўтказилган олтмиш йиллик ибодатдан афзалдур”, дея марҳамат қилганлар.

“Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит”. Улар ёшликни ғанимат билган, ёшлик – инсон умрининг баҳори эканини англаганлар бўлиб, баҳорга қиёсланган умрнинг гуллаган вақтида ўйин-кулгу, бекорчилик фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш ўрнига ибодат, илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш йўлида ҳаракат қилиб, халқ ва юртга манфаат етказиш ниятида ёшликдан Аллоҳнинг ризосини кўзлаганлардир. Ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ бекорчи ёш йигитни ёмон кўради”. Аммо  ёшлик вақтидан илм ирфон ибодат билан машғул бўлса, у аршнинг соясида сояланади.

“Қалби масжидга боғлиқ кишилар”. Булар беш маҳал намозни жамоат билан ўқишга одатланган ва ҳар доим фикру ёдида масжид бўлган кишилардир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  меърожга чиққан вақтларида Аллоҳ марҳамат қилди: “Эй Аҳмад, қоронғу кечаларда жамоат билан намоз ўқиш ниятида масжидга борувчиларга жаннатни хушхабарини беринг”. Сарвари ўзлари марҳамат қиладилар: “Кимки қалби масжидга боғлиқ ҳолда тонг оттирса, гўё қадр кечасини топган бўлур”.

“Аллоҳ учун дўстлашганлар”. Улар Жаноб пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларига амал қилган ҳолда фақат Аллоҳ учунгина дўстлашган кишилардир. Дўстликларида дунёвий ғаразлар обрў-эътибор ва мансабни кўзлаб эмас, фақат Аллоҳнинг ризосини кўзлаб дўст бўлганлардир. Чунки исломда дўстлик фақат Аллоҳ учун бўлмоқлигини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ҳадисда марҳамат қилганлар: “Аллоҳ учун дўст бўлинглар, Аллоҳ учун бировни ёмон кўринглар”. Шу сабаб ҳам Аллоҳ учун дўстлашган кишилар Аллоҳнинг Арши соясидан баҳраманд бўлурлар.

“Гўзал ва обрўли аёл зинога таклиф қилганда, “Аллоҳдан қўрқаман” деб бу ишдан юз ўгирган, бош тортган киши”. Чунки Аллоҳ зинога яқин йўламасликни буюради. Гуноҳи кабира – катта гуноҳлар ичидан ўрин олган гуноҳ – бу зино. Зинодан ўзини сақлаган дўзахдан нажот топади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг ҳузурида кишини номаҳрам аёлга яқинлик қилмоқлигидан ортиқ гуноҳ йўқ” деб марҳамат қилдилар. Шуни таъкидлаш жоизки, зино фақат бир йўл билангина бўламайди, балки ҳар бир аъзонинг зиноси бор: тилнинг зиноси – ўзига ҳалол бўлмаган аёл билан ишқий муносабатда сўзлашмоқлик, қулоқнинг зиноси – фаҳш сўзларни эшитмоқлик. Кўзнинг зиноси – номаҳрам аёлларга назар солмоқлик кабилар. Исломда зинонинг қаттиқ қораланиши сабаби – зино бутун инсоният наслининг бузилишига сабаб иллатдир.

“Ўнг қўли берган садақани чап қўли билмас даражада махфий эҳсон қилган киши”. Садақа бериш мўмин кишининг яхши фазилатларидан бири бўлиб, лекин агар у махфий тарзда қилинса, унинг савоби улкандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яширин садақа қилса, у дўзахдан омонда бўлади” деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Махфий қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради” дейилган. Бу хусусда Қуръони каримнинг Бақара сураси 271-оятида шундай дейилади: “Агар садақаларни очиқ берсаларингиз, қандай ҳам яхши агар махфий қилиб фақирларга берсангиз, бас у сизлар учун яхшироқдир”. Уламоларнинг хулосалари шуки, фарз садақалар – закот, ушр садақаи фитрларни очиқ ойдин берган афзал аммо қолган нафл-ихтиёрий садақаларни махфий берган афзалдур.

“Ёлғиз қолганда Аллоҳни эслаб, кўз ёш тўккан киши”. Аллоҳнинг зикри мўминлар учун энг аъло бўлган ибодат бўлиб, агар Аллоҳнинг зикри ҳеч ким йўқ жойда бўлса, риёдан холи бўлиб, қабулияти ҳақли бўлади. “Тили билан Аллоҳни зикр қилиб кўзидан ёш тўккан кишига жаннат бўлсин” дея Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар. Бошқа ҳадисда эса: “Кимки Аллоҳдан қўрқиб пашшанинг бошича икки кўзидан ёш тўкканида ёши юзларига оқса, ҳеч қачон дўзах ўти унга етмайди” дейилган.

Аллоҳ барчаларимизни бу хислатларга муносиб айлаб, қиёматда аршининг соясидан жой олиш бахтини насиб этсин!

Жалолиддин МАМАТҚУЛОВ,
Учкўприк тумани “Шоҳ Муқаддам” масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan