«Асҳоби суффа» ҳақида Расулуллоҳнинг башоратлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида «Асҳоби суффа» деб аталган камбағал мусулмонлар жамоаси бўлган. Уларнинг ётадиган жойлари бўлмагани учун пайғамбар алайҳиссалом масжиди набавиянинг ёнидан бир суффани ажратиб берганлар. Абу Зар розияллоҳу анҳу айтади: «Мен асҳоби суффадан эдим. Биз тўрт юз нафарга яқин эдик. Кечқурун бўлганида Жаноб Расулуллоҳ ҳужралари эшигига келар эдик. Келганларга буюрсалар, ҳар бири ўзи билан бир кишини олиб кетар эди. Охири ўн ё ундан кам киши қолсак, бизни ўзлари олиб кириб кетар ва  бирга кечки таомни ер эдик. Тун кирганида, масжидга кириб ётинглар, – дер эдилар».

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби суффаларнинг ҳузурларига чиқадилар. Уларнинг танг аҳволларини кўриб қалблари эзилади ва: «Эй аҳли суффалар, умматимдан қайси бири менга сизлар тушган шу ҳолатга тушиб, унга рози бўлган ҳолида йўлиқса, у мени рафиқимдир», – дейдилар.

Эътибор берилса, бу улар учун тасалли бўлибгина қолмай, келгуси умматлар учун ҳам катта башорат эди. Шунингдек, у зот: «Аллоҳ таолога бандаларнинг суюклиси ризқига рози ва қаноат қилган фақирдир», – деганлар.  Бошқа ўринда: «Қиёмат куни киши бой бўлсин, камбағал бўлсин, дунёда ризқи кифоя қилгудек бўлишини орзу қилиб қолади», – деганлар.

Раҳматуллоҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
«Марғилон алломалари III» китобидан

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan