Савол-жавоб

Аёл кишини қабрга ким қўяди?

Савол: Ассалому алайкум!
– Аёл кишини қабрга ким қўяди?

Жавоб: Ва алайкум ассалом!
– Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бири “Фатавои ҳиндийя” китобида аёл кишини қабрга қўйиш ҳақида шундай дейилган:

وَذُو الرَّحِمِ الْمَحْرَمِ أَوْلَى بِإِدْخَالِ الْمَرْأَةِ الْقَبْرَ وَكَذَا الرَّحِمِ غَيْرِ الْمَحْرَمِ أَوْلَى مِنْ الْأَجْنَبِيِّ، فَإِنْ لَمْ يَكُنْ فَلَا بَأْسَ لِلْأَجَانِبِ وَضْعُهَا، وَلَا يُحْتَاجُ إلَى النِّسَاءِ لِلْوَضْعِ

яъни: “Аёл кишини қабрга маҳрам бўлган қариндоши қўйиши афзалдир. Шунингдек, маҳрам бўлмаган қариндош бегонадан кўра афзалдир. Агар қариндошлари бўлмаса, бегоналар қўйиши мумкин. Қабрга қўйиш учун (эркалар бўлганда) аёлларга эҳтиёж йўқ”.

Ушбу масалалар “Баҳрур роиқ” ва “Бадоиус саноиъ” каби мўътабар фиқҳий манбаъларимизда ҳам зикр қилинган.

Аёл кишининг маҳрам қариндошлари қуйидагилар: ўғли ва ўғил набиралари, отаси ва боболари, ака-укаси ва уларнинг ўғиллари ҳамда опа-сингилларининг ўғиллари, амакиси ва тоғалари. Демак, аёл кишининг мазкур қариндошлари бўлмаса, маҳрам бўлмаган эркак қариндошлари яъни, амакиси ва тоғаларининг ўғиллари ҳамда амма ва холаларининг ўғиллари қабрга қўяди. Агар мабодо маҳрам бўлмаган қариндошлар ҳам бўлмаса, шундагина аёл кишини эри ёки бегона кишилар қабрга қўйиши мумкин. Уламоларимиз бегонадан кўра эри қабрга қўйгани маъқулдир, деганлар.

Аёл кишининг маҳрам ва маҳрам бўлмаган эркак қариндошлари ёки эри дафн жараёнида ҳозир бўла туриб, уни қабрга гўрковлар қўйиши мумкин эмас. Чунки бунда шариатимиз қонун-қоидасига амал қилинмаган бўлади ва бунинг гуноҳи аёл кишининг эркак қариндошлари зиммасига тушади.
Шундай экан, аёл кишини қабрга қўйишда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз лозим. Валлоҳу аълам.

ЎМИ Фатво ҳайъати

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close