Ажрим пайтида белгиланган маҳрни аёлга эри ёки қайнонаси бермасликка ҳам ҳаққи борми?

Савол: Ассалому алайкум!
– Аёл кишига берилган маҳрни ажрим пайтида эри ва қайнонаси беришмаса, келиннинг тилла буюмларини ломбардга топширганини айтишиб беришмаса ва аёл улардан қаттиқ дили оғриб норизо бўлиб нарсалардан воз кечса, уларга нисбатан ҳукм ва жазо борми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом!
– Агар айтганларингиз рост бўлса, улар бировнинг ҳаққини ейишибди. Маҳр келиннинг ҳаққи. Уни олиб қўйишларига ҳаққлари йўқ. Олиб қўйсалар муфлис бўлишади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».

Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.
Шу ерда кишини касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:
1. Бировни сўкиш.
2. Бировнинг обрўсини тўкиш.
3. Бировнинг молини ейиш.
4. Бировнинг қонини тўкиш.
5. Бировни уриш.
Мана шу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.
Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!

savollar.islom.uz

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan