Бағрикенг юрт

Исломнинг аввлидан то ҳозирги кунимизга қадар ақида ва имон қалб билан боғлиқ жуда нозик масала бўлиб қолмоқда. Чунки, имонни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Аксинча, инсон баён қилинган нарсаларни англаб имон келтирсагина айни муддао бўлади. Яъни, Исломга кириш эътиқод билан қалбда қаноат ҳосил қилиш орқали амалга ошади. Бу борада мажбурлаш йўқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Динда зўрлаш йўқ. Зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди» (Бақара, 256)

Ислом мукаммал дин. Унинг ҳар бир масаладаги кўрсатмалари батафсил баён қилинган. Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳақ билан ноҳақни ажрата оладиган ақл неъматини берган. Токи у орқали ўзига керакли йўлни танлаб олсин. Аллоҳ таоло одамни яратаркан, унга шайтонни енгиб, имон келтирадиган, ибодат қилиб, Аллоҳнинг ер юзидаги раҳбари даражасига кўтариладиган қобилият берган. Шундай йўл тутган киши фариштадан афзал саналади. Бунинг аксини қилган кимса эса, шайтонга эргашган бўлади. Эътиқод эркинлигининг берилиш ҳикмати ҳам ана шунда.

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида турли ривоятлар бор. Бир ривоятда, мадиналик Абул Ҳусайн номли бир мусулмон насроний динидаги икки ўғлини Ислом динини қабул қилишга мажбур қилади. Лекин улар кўнмайди. Шунда ота ва ўғиллар бу муаммони ҳал қилиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишган. У зот отани бундан қайтарганлар.

Мазкур оят Ибн Касир тафсирида бундай шарҳланган: “Ҳеч кимни Ислом динига киришга мажбур қилманг. Чунки Ислом дини очиқ-ойдиндир. Унинг далил ва ҳужжатлари равшандир. Бировни унга киришга зўрлашнинг ҳожати йўқ. Балки, кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, унинг қалб кўзини очса, бирор далил туфайли Исломга киради. Худо асрасин, Аллоҳ кимнинг қалбини кўр қилиб, қулоқ ва кўзини муҳрлаб қўйса, уни мажбурлаб динга киритишдан фойда йўқ”.

Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло имон ишини мажбурлаш ёки куч ишлатиш билан жорий қилмади. Балки бунга имкон ва ихтиёр берди. Аллоҳ таолонинг: “Агар Раббингиз хоҳласа, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлардилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус, 99) деган сўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида бундай деганлар: “Ушбу қоидага амал қилиниб, тарихда одамларни, бошқалар каби, Исломга мажбур қилиб киритиш бўлмаганидан, балки барча халқлар ўз ихтиёри, ишончи ва ақидаси ила Исломни қабул қилганидан, бу дин қаерга борса, ўша ерда ўрнашиб қолди. Мажбурий йўл билан тарқатишга уринилган ақида ва мафкуралар эса, бақосиз бўлди. Энг яқин мисол – коммунистик мафкура. Бу балони кишиларга тарқатиш учун бўлган ҳаракатдек кучли ва бардавом уриниш бўлмаган бўлса керак. Лекин озгина муддатдан сўнг коммунист раҳбарларнинг ўзи бу нарсани бошқалардан кўпроқ танқид қиладиган бўлиб қолишди”.

Ҳар ким ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда бирор динни танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим. Бу масала бош Қомусимизда ҳам ўз аксини топган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).

Бугунги кунда юртимизда диний бағрикенглик тамойилларига хос ислоҳотлар олиб борилмокда. Республика аҳолисининг 90 фоизидан зиёдини мусулмонлар, 4 фоизга яқинини православлар, қолганларини бошқа конфессиялар вакиллари ташкил этади. Республикамизда 16 конфессияга мансуб 2200 дан зиёд диний ташкилот, жумладан, 2038 та масжид расмий рўйхатдан ўтган. Ҳар бир дин вакиллари эътикод эркинлигига эга холда тинч ва осойишта яшаб келмокдалар.

А.Деҳқонов,
Учкўприк туманиЮлғунзор” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan