Жаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Бағрикенгликнинг намунаси

Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. «Бағрикенглик» чидамлилик, бардошлик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик каби маъноларни англатадиган чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул ислам» дейилади. Исломнинг бағрикенглигини Пайғамбар алайҳиссаломнинг Макка фатҳидаги хулқларида ҳам кўришимиз мумкун.

Макка фатҳ бўлиб, у зотга бир умр душманлик қилган мушрикларнинг кўпчилиги асир тушиб, қалтираб туришибди. Баъзилари Каъбага яширинмоқчи ҳам бўлишди, яна кимдир бировникига кириб бекинмоқчи бўлди, хуллас ҳаммасини у зотнинг ҳузурларига келтиришди. Шунда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Сизларни нима қилади деб ўйлаяпсизлар?» деб сўрадилар. Улар титраб-қақшаб, авф умидида «Сен карамли ва яхши хулқли биродаримизсан, карамли ва яхши хулқли биродаримизнинг фарзандисан» дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом бағрикенгликнинг энг юксак чўққисини намойиш қилиб, «Кетаверинглар, сизлар озодсиз», дедилар. У зотга эмас, Аллоҳ таолога душманлик қилган бир неча бадбахт кимсалардан ташқари барча асирларни қўйиб юбордилар.

Барча улуғларимиз бу набавий суннатга амал қилганлар ва қилиб келмоқдалар.

Динимизда бағрикенгликни шундай тушуниш лозимки, унда инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга ҳам бесабаб зарар етказиш йўқдир.

М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Қораянтоқ” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close