Бағрикенглик – олий фазилат

Ислом дини ва бошқа динларнинг асл моҳияти тинчлик, ҳам инсонларни ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар улар билан тинч-тотув яшашга буюради. Ҳеч қачон уларни юртдан қувиб чиқаришга, зулм қилишга буюрмаган.

Ислом диёрлари паноҳида яшаган ғайридинлар “зиммий” деб аталган ва дини, жони ва молининг омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом зиммийларнинг ёнини олиб: “Зиммийга зарар етказганга мен душманман”, деган мазмундаги бир қатор ҳадислари туфайли фақиҳлар зиммийлар мавзусига алоҳида эътибор бериб, ўз асарларида уларга махсус боблар ажратганлар. Чунончи, зиммийлар мусулмонлар каби барча ҳуқуқларга эга бўлиш баробарида тўлиқ эътиқод эркинлигига ҳам эга бўлганлар.

Машҳур асарларда диний бағрикенгликка оид бу каби фикрларни кўплаб топиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма-ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки ҳаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Буни юртимизда яҳудийлик ва христианликка бўлган муносабатнинг тарихий ва замонавий ҳолати таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра тақиқланади. Динимиз
таълимотига кўра, аҳли китобларни мусулмонлар диёрида турли вазифаларга қўйиш тақиқланмайди. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Инсоният тарихига назар ташласангиз, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, уларда тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ноаҳиллик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, балки аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.

Мустақил диёримиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.

Адҳамжон ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон тумани бош имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan