Бараканинг сири

Ислом динининг инсонпарвар ва гўзал таълимотлари миллий урф- одатларимиз ва қадрятларимиз билан қоришиб кетган. Бу анъаналарни эъзозлаш буларга амал қилиш инсонларни комиллик ва мартабалар сари етаклайди. Ислом динимиз тозалик ва покликни талаб этади. Мусулмон кишини тана аъзолари либослари уй жойлари, ҳовли ва кўчалари доим озода ва покиза бўлиши лозим. Албатта поклик бор жойда барака бор, поклик билан қилинган дуоларни албатта Аллоҳ таоло қабул қилади. Давлатимиз томонидан табиатни асраш атроф муҳитни мухофазалаш, тозалик ва ободонлаштириш ишларига жуда катта эътибор қаратилмокда. Катта-катта шаҳарларимизга бориб биз тилга олган мавзулардаги ишларни кўриб беихтиёр кайфиятимиз кўтарилади, хурсанд бўламиз ташаккурлар айтамиз. Албатта бу каби хайрли ишлар шу юртда яшовчи инсонларнинг маданияти хулқ-атворини ҳам нишонаси бўлади.

Афсуски, баъзида кўчаларда юриб айрим хонадонлар олдиларида тўпланган чиқиндиларга кўзимиз тушиб таъбимиз хира бўлади. Уйилган ахлатларни махсус ходимлар олиб кетгунча шамолда атрофга ёйилади, уй ҳайвонлари титади ёки уни бадбўй ҳидидан диллар хира бўлади. Динимиз таълимотларида мусулмон хонадонидан чиққан чиқиндиларга бегоналарнинг назари тушмаслиги таъкидланган.

Муборак ҳадиси шарифларда: “Сизлар Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмларга ўхшаманглар, улар хонадонидаги ахлатларни кўчаларга ташлашардилар”, – дейилган.

Улуғ зотлардан ҳазрати Баҳовуддин Нақшбандий доим кечаси тунда ҳамма уйқудалик вақтида кўчаларда юриб йўлдан одамларга озор берадиган нарсаларни олар экан, чуқурларни текислар экан. Аллоҳ таоло бу улуғ зотга шу қилган амали учун авлиёлик мартабасини берган экан.

Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир киши йўлда кетаётиб тиконли шоҳ-шаббага тушди ва “Аллоҳга қасам, агар шуни олмасам, бирорта мусулмонга зарар беради” деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабаб унинг гуноҳларини кечирди”.

Халқимизгагина хос бўлган гўзал анъаналаримизда ҳовлиларимиз олдиларига райҳон ва гуллар экилмаса, супириб-сидирилмаса айб саналади, шундай боис эрта тонгдан келин қизларимиз ҳовли-кўчаларимизни супириб, сувлар сепишади. Ёши улуғларимиз кўчадан ўтганда дуойи хайрлар килишади. Аллоҳ таоло бизга шундай жаннатмакон ватанни насиб қилибди, шу азиз Ватанни ҳар қарич ерини эъзозлайлик, берилган неъматлардан оқилона фойдаланайлик, ҳамиша шукрона билан яшайлик!

Абдулазиз Исахонов,
Қува тумани “Имом Муслим” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan