«Башоратчи» мунажжимлар. Аслида улар ким?

Савол: Ассалому алайкум!
– Мунажжимлар башоратига ишонган киши гуноҳкор бўладими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ва алайкум ассалом! 
– Мунажжимлар осмон жисмлари ва уларнинг жойлашув буржларига қараб кишилар тақдирини аниқлаш, эртанги кун ҳақида маълумот бериш, ғайбни билишни даъво қилишади. Мунажжимларнинг ушбу қилмишлари фолбинликнинг бир тури бўлиб, шариатимизда қатъий таъқиқланган. Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. Аллоҳ таоло ўзини васф этиб, шундай дейди:

عَالِمُ الْغَيْبِ فَلَا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا

«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин сураси, 26-оят).
Бошқа оятда шундай дейилган:

قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

яъни: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” (“Аъроф” сураси, 188-оят).

Мунажжимлар башоратининг на динга, на илмга, на тараққиётга алоқаси бор. Бу ишларнинг ғирт бемаънилигини турли соҳа олимлари ҳам, дин уламолари ҳам қайта-қайта таъкидлашларига қарамай, «мунажжим башоратлари»нинг мухлислари камайиш ўрнига тобора ортиб бормоқда.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ» (رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шариатимиз қоралаган ва мусулмонларни четланишга буюрган юлдузларга қараб фол очиш ва буни инсонлар тақдирига боғлаш ёлғон эканини ҳозирги замон етакчи олимлари ва мутахассислари ҳам исботлаб беришмоқда.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » مَنِ اقْتَبَسَ عِلْمًا مِنَ النُّجُومِ اقْتَبَسَ شُعْبَةً مِنَ السِّحْرِ زَادَ مَا زَادَ » (رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد وَابْنُ مَاجَةْ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким юлдузлардан бирор илм эгалласа, сеҳрдан бир парча олган бўлади. Зиёда бўлгани зиёда бўлаверади”, деганлар” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ривоятда юлдузларга қараб ғайб илмини, бировларнинг тақдирини, келажакда бўладиган ишларни билишни даъво қиладиган мунажжимлар ҳақида сўз кетмоқда.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ قَالَ صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةَ الصُّبْحِ بِالْحُدَيْبِيَةِ فِي إِثْرِ السَّمَاءِ كَانَتْ مِنْ اللَّيْلِ فَلَمَّا انْصَرَفَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ هَلْ تَدْرُونَ مَاذَا قَالَ رَبُّكُمْ قَالُوا اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ قَالَ أَصْبَحَ مِنْ عِبَادِي مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ فَأَمَّا مَنْ قَالَ مُطِرْنَا بِفَضْلِ اللَّهِ وَرَحْمَتِهِ فَذَلِكَ مُؤْمِنٌ بِي كَافِرٌ بِالْكَوْكَبِ وَأَمَّا مَنْ قَالَ مُطِرْنَا بِنَوْءِ كَذَا وَكَذَا فَذَلِكَ كَافِرٌ بِي مُؤْمِنٌ بِالْكَوْكَب» (أَخْرَجَهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбийяда тунги ёмғир сўнггидан бомдод намозини ўқиб бердилар. Ўқиб бўлгач одамларга юзландилар-да: “Раббингиз нима деганини биласизларми?” дедилар. Одамлар: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Аллоҳ): “Бандаларимдан Менга мўмин ва кофир ҳолда тонг оттирганлар бўлди. Ким “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати сабабли ёмғир ёғдирилди”, деган бўлса, Менга мўмин бўлиб, юлдузларга кофир бўлибди. Аммо ким юлдуздаги ундай ёки бундай нарса сабабли ёмғир ёғдирилди, деган бўлса, Менга кофир, юлдузга мўмин бўлибди”, деди”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, борлиқда юз бераётган ҳодисалар, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига бўлган илми, ҳикматига кўра бўлар экан. Журнал ва газеталарда чоп этилаётган мунажжимлар башоратига мурожаат қилиб, унга ишониш кишининг имонига путур етказиб қўйиши мумкин. Валлоҳу аълам.

ЎМИ Фатво ҳайъати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan