Байрам арафасида отинойилар ташаббус кўрсатдилар

Мусулмон биродарига меҳр-мурувватда бўлиши ҳадиси шарифда келган кўрсатмалардан биридир.

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо ҳаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди».

Бундан эса ҳар бир мўмин ўзининг барча дўстлари учун дардкаш бўлиши тушунилади. Шунинг учун дарду аламда, турли қийинчиликда қолган мўминга раҳм-шафқат кўрсатиш, унинг дардини енгил қилиш учун чора излаш мўминларга хос фазилатдир.

Фарғона вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ҳ.Комилова бошчилигидаги отинойилар Қурбон ҳайити арафасида вилоятимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган моддий-маънавий кўмакка муҳтож оилалар холидан хабар олиб, ҳомийларни жалб қилган ҳолда кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган аёл-қизларга ёрдам кўрсатдилар. Отинойилар томонидан амалга оширилган шу каби хайрли тадбирлар сабаб юздан ортиқ хонадонларга байрам шукуҳи кириб борди.

Вакиллик матбуот хизмати

 

 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan