Бир луқма таом машаққати

Ҳар бир мўмин-мусулмон одам шариатда кўрсатилган таълимотларга амал қилиб яшар экан, инсон руҳиятига ва соғлигига таъсир қиладиган нарсалардан эҳтиёт бўлиши лозимдир. Ана шу эҳтиёткорлик эвазига Аллоҳ таоло бизларга тинчлик-хотиржамлик, оилавий  саодатни, касб-у ҳунарлар баракасини ва ҳалол ризқни зиёда қилиб беради.

Ҳозирги кунимизда кўп учраб турадиган иллатлардан бири билиб-билмасдан фолбинга боришдир. Қанча-қанча кишилар илмсизлик ва иймони заифлиги сабабли бирор нарсадан шубҳаланса, эртага нима бўлиши, йўқолган нарсаларини топиш, келажагини билиш ва бошқа мақсадлар билан фолбиннинг ҳузурига борадилар. Бу иш ҳам мутлақо тўғри эмас. Ҳар бир муаммога йўлиққанда фақат Аллоҳга таваккул қилиш керак. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, бирор нарса ҳақида сўраса, унинг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди”, дедилар (Саҳиҳи Бухорий).

Аслида ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик намози эмас, балки бир маҳал намозини қабул бўлмай қолиши ҳам катта мусибатдир.

Келинг, мавзуга чуқурроқ киришдан аввал, тарихга бир назар солайлик. Улуғ саҳоба Абу Бакр Сиддиқ ҳаётларида бўлган қуйидаги  воқеа, у зотнинг қай даражада тақводор эканликларини яна бир  далилидир. Шоядки, бизлар ҳам ибрат олсак.

Ҳазрати Абу Бакрнинг бир ёш хизматчилари бор эди. У ишлар, кунига ҳақ олар эди. Бир кеча у ҳожасини сийлаш учун овқат олиб келди. Ҳазрати Абу Бакр ундан бир луқма тотиб кўрди. Бирдан кўнгилга шубҳа тушди. Ҳар гал овқат келтирганида унинг қаердан, қай тарзда келганини сўрайдиган киши бу гал буни хотирдан фаромуш қилган ёки чалғиган эди. Қулни сўроққа тутди.

– Овқат қандай йўл билан топилган эди?

– Мени афв этинг, ҳожам! Мен жоҳилият пайтида фолбинлик билан шуғуллангандим. Эвазига хизмат ҳақи олиб, кун кечирганман. Ўша пайтдаги фолбинлигимга берилган ҳақ келиб қолди. Бу овқатни ўша пулга олгандим…

Буни эшитган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: Сал бўлмаса, мени ҳалок қилай, дедингку! – деди ва ютган луқмасини дарҳол қусиб ташлаш учун бармоғини томоғига тиқди. Аммо луқма бу йўл билан чиқмади. Шунда кимдир: «Уни сув билан чиқарса бўлади», деб маслаҳат бериб қолди. Абу Бакр шу заҳоти бир коса сув сўради. Уни ичгандан сўнг еганларини қайт қила бошлади. Ниҳоят нопок луқмани чиқариб ташлади. Бу ҳолни кузатиб турган дўстлари:

– Аллоҳ раҳм қилсин сизга, эй Абу Бакр, шунча машаққат бир луқма таом учунми? – деб сўрашди.

– Агар ана шу луқма бошқа, йўл билан эмас, жоним эвазига чиқадиган бўлганида ҳам, барибир чиқариб ташлардим. Чунки,  Расулуллоҳнинг «Бир вужуд ҳаромдан куч ва нашъа олса, унга энг лойиқ нарса дўзах оташи», деганларини эшитган эдим. Шунинг учун ўша луқмадан танамдаги бир зарранинг ҳам куч олишидан қўрқаман, – деб жавоб берди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan