Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик – осойишталик асоси

Маълумки, Ислом дини инсонларни бирдамлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришларига чақиради. Буни акси бўлган адоват, тарафкашлик, муросасизлик, ўзаро душманлик каби иллатлардан қаттиқ қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда Моида сурасининг 2-оятида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”, дея яхшилик, тақво, эзгуликлар йўлида ҳамкорликка, аксинча гуноҳ ва ёмонликка кўмак беришдан қайтарган.

Динимиз мўмин мусулмонлар бир бирларига меҳру муҳаббатли бўлишга тарғиб қилади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Агар уни қилсангиз бир-бирингизни яхши кўриб қоладиган амалга сизларни йўллаб қўяйми? Орангизда саломни ошкор қилинглар”, дедилар.  Бу ҳадиси шарифда мўмин мусулмонлар ўзаро тинч тотув меҳру муҳаббат ҳаёт кечиришларига энг асосий омиллардан бири баён қилинмоқда. Бир-биримиз билан кўришганимизла “Ассалому алайкум!” “сизга тинчлик омонлик тилайман” деб айтишимиз бўлади. Бу эса, ўз навбатида меҳру муҳаббат, бирдамлик ва ҳамжиҳатликга сабаб бўладиган энг асосий омилдир.

Бошқа бир ҳадисда эса, “Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади”, дедилар (Термизмй ва Аҳмад ривоят қилганлар).

Доно халқимиз “Барака – иноқликда”, “уруш жанжал бўлган жойда барака кўтарилади”  деб,  бежиз айтилмаган. Ёши кекса отахон ва онахонларимиз доимо “Эй, Аллоҳим тинчлик, хотиржамлик, омонлик бергин” деб дуойи хайр қилишлари ҳам бекорга эмас. Чунки тинчлик ва хотиржамлик бўлмаган жойда на барака бўлади, ва на ҳурсандчилик кўнгилага сиғади.

Давлат ва жамият шахслардан ташкил топгани маълум. Жамиятнинг энг кичик бўғими оила экан оилалар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.

Жамиятдаги ҳар бир шахс ҳамжиҳатлига путур етказадиган қалб ва тил иллатлари бўлмиш ҳасад, бўҳтон, чақимчилик, ёлғон, фирибгарлик каби нуқсонлардан ҳоли бўлиши керак. Ана шундан кейингина юртда тинчлик хотиржамлик бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, диний ва дунёвий манфаатларнинг барчаси фақатгина тинчлик хотиржамлик ва ҳамжиҳат бўлиш билангина мукаммал бўлади. Бу билан жамиятда бирдамлик ҳосил бўлиб, фирқаланишнинг олди олинади, инсонлар эмин-эркинликда ўзларининг диний ва дунёвий эҳтиёжларини амалга оширади. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилган.

Икромжон ТУРСУНОВ,

Марғилон шаҳар “Худоёр ҳожи” масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan