Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик – осойишталик омили

Айни пайтларда баъзи қўштирноқ ичидаги тоифалар тамонидан ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилиниши, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган бўлиб, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси–итоатдирки, бундан Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади.

Минг шукурлар бўлсинки, юртимиз тинч бўлгани учун яна ҳам кўркам, обод, бўлиб бормоқ. Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод  диёрда туғилиб, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари  Ватанимиз бағрикенглик ўлкаси эканининг ёрқин намунасидир. Уларнинг баҳамжиҳат, осойишта, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат  ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботат ва ҳайвонатга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини урушни бало ва офат деб билади. Ёв билан тўқнашув фақат мудофаа мақсадида бўлишига рухсат беради. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқиб кетмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъий назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка ундайди. Ислом  дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гузал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло каломида марҳамат қилади.

яъни:(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар” деб марҳамат қилган. (Анкабут сураси, 46-оят).

Бошқа дин вакили билан чиройли муносабатда бўлиш нафақат Қуръон Карим оятларида балки, Набий алайҳиссалом ҳадисларида ҳам учратамиз.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Анас ибн Молик розияллоҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

“Халқнинг барчаси Аллоҳнинг қарамоғидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳли-аёлига наф берувчироғидир”, дейилган.

Яна бир ҳадиси шарифда:

«Ким ғайридинга азият берса, менга азият бергандай бўлади, ким менга азият берса, қиёмат куни унга хусуматчи бўламан», деганлар.

Яна бир бошқа ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

«Ким ғайридин ёки аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди».

Қуръони карим ва ҳадис шарифларда ислом аҳли учун берилган кўрсатмаларда фақат эзгуликка даъват этилганини кўрамиз. Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турлихил фирқаларга бўлинишдан ҳамда зиёнкорлик каби разил ишларни қоралайди ва улардан ҳазар қилишга буюради. Тинчлик-хотиржамликдек неъматларни бериб қўйган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан ва шу йўл билан бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган ҳамда бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб шундай деган:

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ислом дини бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган бошқа миллатларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

Мулоҳазаларимизга интиҳо нуқтасини қўйишдан муқаддам, Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечимоқликларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин деб қоламиз.  

А.Исақов,
Олтиариқ тумани «Оқ масжид» масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan