Биргина савол эвазига мусулмон бўлган роҳиб

Абу Язид (Боязид) Бастомий уйқусида бир туш кўрди. Тушида кимдир унга: “Эй Абу Язид, тургин-да, бориб насороларга пайғамбарингнинг рисолатини етказ!” деб нидо қилди. Абу Язид буйруққа жавобан ўрнидан турди, черковга бориб, ибодатга шайланган насороларга қўшилиб ўтирди. Эндигина гапиришга чоғланаётган роҳиб Боязид томон ишора қилиб:

– Бу “Муҳаммадий” (Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган одам) орамиздан чиқиб кетмагунча гапирмайман, – деб қолди.

– “Унинг “Муҳаммадий” эканини қаердан билдингиз?”, – сўради шогирдлари.

– Муҳаммадийларнинг юзида сажданинг асорати бўлади, – деди.

Шундан сўнг Боязиддан черковдан чиқиб кетиш талаб қилинди. Лекин у:

– Ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшиси бўлган Аллоҳ сизлар билан менинг ўртамда бир ҳукм чиқармагунча кетмайман, – деб туриб олди. Шунда роҳиб:

– Ундай бўлса, сенга бир қанча саволлар бераман. Агар жавобларинг  қониқтирса, сен айтгандек, Аллоҳнинг ягоналигига ва Муҳаммаднинг ҳақлигига барчпмиз иймон келтирамиз. Борди-ю бирорта саволни бўлса ҳам жавобсиз қолдирсанг, ўзингдан хафа бўлгин”, – дея шарт қўйди.

– Хоҳлаган нарсангни сўрайвер, мен розиман. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга тақво қилинг. Шунда Аллоҳ сизларга илм ато қилур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи Зотдир!” (Бақара сураси, 282-оят) марҳамат қилган,- дея розилигини билдирди.

Шундан сўнг, роҳиб ва Боязид Бастомий ўртасида савол-жавоб бошланди:

– Жуфти йўқ не бор?

“Айтинг, У Аллоҳ яккаю ягонадир (Ихлос сураси,1-оят).

– Учинчиси йўқ икки нарса нима?

“Биз кеча кундузни икки белгиаломат қилдик” (Исро сураси,12-оят).

– Тўртиничиси йўқ учта нарса нима?

– Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр (алайҳиссалом) қилган ишига айтган учта узрининг тўртинчиси йўқдир.

– Бешинчиси йўқ тўрт нарсачи?

– Бу – Забур, Таврот, Инжил ва Қуръондир.

– Олтинчиси бўлмаган бешта нарса нима?

– Мўминларга фарз қилинган беш вақт намоз.

– Олтита, лекин еттинчиси йўқ нарса не?

– Аллоҳ ер ва осмонларни яратган олти кун.

– Унда айтгин-чи, нима учун Аллоҳ: Бизни ҳеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ”, – деган?

– Аллоҳ таоло: “Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратдик ҳамда Бизни ҳеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ” (Қоф сураси, 38-оят)  деган. Чунки яҳудийлар, Аллоҳ еру осмонларни олти кунда яратиб, чарчагандан еттинчи шанба куни дам олди, деб даъво қиладилар.

– Саккизинчиси йўқ еттита нарса нима?

“(Аллоҳ) етти осмонни устма-уст яратган Зотдир” (Мулк сураси, 3-оят).

– Саккизта, лекин тўққизинчиси йўқ нарса нима?

– Қиёматда Аллоҳнинг Аршини кўтариб турувчи саккиз фариштадир.

– Тўққиз мўъжиза қайсилар?

– Мусо алаҳиссаломнинг тўттиз мўъжизаси. Булар: қўл, асо, саҳро, қалдирғоч, тўфон, чигиртка, бит, қурбақа ва қон билан боғлиқ мўъжизалардир.

– Ўнтага зиёда бўлган нарса не?

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўнта қилиб (қайтарилур)” (Анъом сураси, 160-оят).

– Ўн бир ака-ука ким?

– Юсуф алайҳиссаломнинг ака-укалари.

– Ўн иккита мўъжиза нима?

– Аллоҳнинг сўзини ўқиб кўр: Эсланг, Мусо қавми учун сув талаб қилганида: Асойингни тошга ургин” дедик. Бас, ундан ўн иккита чашма отилиб чиқди” (Бақара сураси, 60-оят).

– Ўн уч нафар киши ким?

– Юсуф алайиссаломнинг ота-онаси ҳамда ўн бир нафар ака-укасидир. Мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрдим. Ҳаммалари менга сажда қилаётган эди (Юсуф сураси, 4-оят).

– Нафас олади, лекин жойи йўқ. У нима?

– Тонг. Ва нафас олаётган тонгга қасам ичурманки…” (Таквир сураси, 18-оят).

– Соҳибини олиб юрган қабр?

– Юнус алайҳиссаломнинг “қабрлари”. Энди агар у тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларгача қолиб кетган бўлур эди” (Вас-соффат сураси, 143-144 оятлар).

– Баҳслашиб, жаҳаннамга кирувчилар кимлар?

– Яҳудийлар ва насронийлардир. Чунки Яҳудийлар:Насронийлар ҳақ эмаслар дейишди. Насронийлар эса: “Яҳудийлар ҳақ эмаслар” дейишди” (Бақара сураси, 113-оят).

– Ёлғон гапириб ҳам жаннатга кирганлар кимлар?

– Ҳа, улар Юсуф алайҳиссаломнинг ака-укаларидир. Аллоҳ бу ҳақда шундай деган: “У деди: “Бу кун сизлар айбланмайсизлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилур” (Юсуф сураси, 92-оят).

– Ота-онасиз яратилганлар кимлар?

– Фаришталар, Одам, Исо, Исмоил алайҳиссаломнинг қўчқорлари, Солиҳ алайҳиссаломнинг туяларидир.

– Бир дарахт, ўн иккита шоҳи бор, ҳар шоҳида ўттизтадан барг, ҳар бирида бештадан мева, учтаси сояда, иккитаси офтобда. Нима у?

– Дарахт йилдир. Ўн икки шоҳ – ўн икки ой. Ўттиз барг – ўттиз кун. Бешта мева эса, беш вақт намоз. Соядагилари – бомдод, шом, хуфтон. Офтобдагилар – пешин ва аср намозидир.

Роҳиб ва унинг шогирдлари Боязиднинг жавобларидан таъсирланиб турган бир вақтда:

– Менинг ҳам сенга биргина саволим бор, – деди Боязид. – Жаннат калити недир?

Саволни эшитган роҳиб бироз жим бўлиб қолди. Бу ҳол эса табиийки, унинг шогирдларига хуш келмай:

– Эй “ота!” У сизнинг шунча саволларингизга жавоб берди, сиз эса биргина саволига жавоб қайтаролмайсизми? – дея гўё мағлуб бўлмасликка даъват этишди.

– Эй “болаларим!” Мен жавобни яхши билан, аммо тўғрисини айтсам, сизлардан хавсираяпман.

– Қўрқманг ота, жавоб бераверинг.

Шунда у баланд овоз билан:

–  “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ”! Бу калима – жаннатнинг калитидир”, деди роҳиб. Унинг ортидан шогирдлари ҳам бу калимани такрорлади.

Ҳасанбой ОЛИМНАЗАРОВ,

Марғилон шаҳридаги “Имом Заҳириддин” масжиди имомхатиби.

“Ал-хутбатул-минбария” (Минбар хутбалари) китоби асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Leave a Comment