“Бировнинг қўйини қарғама, қўзингга тегади”

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳ одамзодни яратиш чоғида Азроил фариштасига Ердан тупроқ олиб келишни амр қилибди. Аммо ер бундан қўрқиб, нола қила бошлабди. Аллоҳнинг амри бажарилмай қолишидан қўрққан Азроил эса ернинг ноласига қарамай, турли жойлардан тупроқ олиб келибди. Одамзоднинг ранги, феълининг турфа хиллиги ҳам шундан бўлса керак.

Асли бу дунё биз учун синов ва имтиҳонлар мактабидир. Омонат дунёда эса умримиз ўлчовли. Фоний дунёда яшаётган ҳар бир тирик жон борки, мақсадсиз бўлмайди. Ўз олдимизга қўйган мақсадимизга эришиш  йўлида эса турли машаққатларни енгиб ўтишга тўғри келади. Бунда эса бизга ниятнинг поклиги ёрдам беради. Инсон чин дилдан, холис ният қилса, Яратган Роббим албатта, уни ниятига етказади.

Аммо… Баъзан бозорлар, жамоат жойлари, кўчаларда аёлларнинг бир-бири билан жанжаллашаётганига, оғзидан бади кириб, шоди чиқиб бир-бирини ҳақорат қилётганига, эркакчасига сўкиниб, қарағанаётганига гувоҳ бўламиз. Ўзбек миллати, Ислом дунёси вакиллари бўлишимизга  қарамай, бундай ҳолатларга бефарқ боқамиз. Қарғаш, ҳақорат, дуоибад қилиш эса ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида ўйлаб кўришга вақтимиз йўқ.

Ёшлигимдан менга таниш бўлган бир аёлни биламан. Маҳалласидаги ҳамма ундан безор эди. Уни ҳаттоки, исмига “шанғи” сўзини қўшиб чақирардилар. Доим нималардандир нолиган, фарзанди ва набираларини “уйинг куйсин”, “оғзингдан қонинг келсин”, “бўйнинг лаҳадда чирисин” сингари куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилар, тинмай қарғагани қарғаган эди. Аллоҳнинг чеварлигини қарангки, бу аёл қилган “ниятлари”га бирин-кетин ета бошлади. Аввалига битта-ю битта фарзанди, ёшгина ўғли автоҳалокатга учраб, вафот этди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, набираси гугурт ўйнаб ўтириб, уйига ўт қўйиб юборди. Мусибатларга дош беролмаган келин эса оғир ҳасталикдан вафот этди. Аёл эса “ниятлари” самарасида ёлғизликда узоқ умр кўрди. Бу ҳолга кимдир кулди, кимдир йиғлади. Кимлар эса пешонасида борида, қисматига шу битилган экан деб қўя қолди.

Бу аёлга қўшни бўлган бувимизникига борганимизда, қўшнининг уйидан келаётган бақир-чақирлардан қўрқиб кетардик. Яқинимиз кўп бора уларга насиҳатлар қилар, фарзандларига меҳр-муҳабат берса, меҳр кўриши ҳақида қайта-қайта гапирарди. Лекин бу гапларнинг бирортаси у аёлга кор қилмасди. Биз ёшлик қилиб бир-биримиз билан жанжаллашсак, бувимиз: Шайхул-ислом: -“Мўмин киши бир-бир билан талашиб тортишмайди, бир-бирини ҳақорат қилмайди ва жанжаллашмайди, деганлар” – дея бизни тартибга чақирардилар. Яна бизни “отангни уйига буғдой тўлгирлар”, “Аллоҳ умрингни зиёда қилсин”, “ризқинг бут бўлгурлар” сингари ёқимли гаплари билан койиб қўярдилар.  Биз эса бувимизнинг бу гапларидан каловланиб қолардик. – “Нега бизни уришмайдилар, ахир биз айб иш қилди-ку”?!  дея энсамиз қотарди. Бу мулойимликнинг сабабини тополмасдик.

Бир куни меҳмонга борган чоғимиз, яна қўшни уйда тўполон бошланди. Шунда бувимиздан сўрадик:

– “Нега бу аёл қўрқинчли? Нега доим қарғаниб юради?” Бувимиз эса бизга:

– “Аслида бу аёл ҳам ҳамма қатори инсон. Фақат уни Аллоҳ шундай яратган. Ҳамма нарса ниятга яраша бўлади. Шунинг учун ҳеч қачон ёмон ният қилманглар. Қўлингиздан келганича, яхшилик қилинг. Бировнинг қўйини қарғама, қўзингга тегади, деган нақл бор. Қарғиш ва  лаънат айтиш жуда ёмон нарса. Лаънат оғзингдан  чиққач, эгасини топа олмаса, ўзингга қайтиб келади. Бир-бирингизга меҳрли оқибатли бўлинглар. Бу сизларга ибрат бўлсин, болаларим. Ҳеч қачон бировни қарғаманг, чунки ҳар нега ажр бергувчи ягона Аллоҳ бор. Биз бандалар эса  буюк Зотдан устун эмасмиз”, – деб насиҳат қилдилар.

Мана орадан йиллар ўтди. Бувимиз ҳам чин дунёга рихлат қилдилар. Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин! Бизга уларнинг юқоридаги ибратли гаплари сабоқ бўлди. Мен бежиз бу воқеаларни эсга олмадим. Чунки, орамизда ҳалиям “шанғи” лақабига эга бўлган аёл сингари инсонлар учраб туради. Шу ўринда шундай бадхулқ инсонларга қарата: – “Ўзингизни таҳлил қилинг. Сизга омонат берилган бу дунёда яхши ном билан қолинг. Яқинларингизга меҳр-муҳаббат улашинг”, дегим келади.  Зеро, яратган Эгам бандаларига меҳрибон, уларнинг дуоларини мустажоб қилади ва албатта, ниятларига етказади. Сиз ҳам фарзандингизни, яқинларингизни чиройли лутфингиз билан сийланг. Яхши гап билан илон инидан, пичоқнинг эса қинидан чиқишни унутманг. Аллоҳнинг солиҳ бандалари қаторида бўлишлик барчамизга насиб айласин!

Соҳибжон АҲМЕДОВ,
Бағдод тумани бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan