Биз киммиз, кимнинг авлодимиз?!

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларидан бошлаб барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар  бугунги кунда  шу юртда яшайдиган инсонлар қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдирмоқда. Чунки қисқа вақт ичида Ўзбекистон жаҳонга юз тутди, танилди.

Ўзбекистон азалдан тарихий маданият маркази ҳисобланади. Буни юртимизда ўтказилаётган бир қатор анжуманлар, халқаро конференциялар  иштирокчилари томонидан юксак баҳоланаётганлиги, соҳалардаги ўзгаришлар катта қизиқишлар билан ўрганилаётганлиги фикримизнинг яққол далилидир. Маълумки, давлатимизда мустақиллик йилларида энг аввало буюк аждодларимизнинг номлари тикланди. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, бебаҳо, бетакрор меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларини обод этиш ва асраб-авайлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Бизнинг мақсад, Шарқ оламида яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва англаш, унинг замонавий цивилизация тарихида тутган ўрни ва ролига баҳо беришдан иборат.

Ўрта асрлар тарихи шундан далолат берадики, маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси биринчи навбатда иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг анча жадал ўсиши, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлган. Айниқса, Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти математика, астрономия, физика, химия, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишида намоён бўлганлиги сир эмас. Биз ҳақли равишда Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний каби забардаст аниқ фанлар асосчилари билан фахрланамиз. Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Аҳмад Фарғоний томонидан кашф этилган Нил дарёсидаги “ниломер”, кўп асрлар давомида сув сатҳини ўлчайдиган асосий восита сифатида хизмат қилиб келган иншоот улуғ аждодимизнинг илмий даҳоси эканлигидан далолат. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX–XII ва XIV–XV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гапирар эканмиз, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий номини биринчилар қаторида тилга оламиз. У ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координатларини биринчилардан бўлиб асослаб берди ва амалиётга тадбиқ этди. Бу эса математика ва астрономия фанлари ривожида кескин бурилиш ясади. Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиқди, у астрономия, география ва иқлим назарияси бўйича кўплаб илмий асарлар муаллифидир. Шунинг учун алломанинг дунё илм-фани ривожидаги хизматлари умум-эътироф этилган бўлиб, Шарқ олимлари орасида фақат унинг номи ва асарлари “алгоритм” ва “алгебра” каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Аҳмад Фарғоний томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хсусидаги далиллар мавжуд бўлиб, мазкур китоб XVII асрга қадар Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Улуғ қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг яратган мислсиз кашфиётларига баҳо бериш қийинлигини, Берунийдан 150 дан зиёд илмий ишларидан бизгача фақат 31 таси етиб келганига қарамасдан аллома қўлёзмаларининг тўлиқ бўлмаган намуналари ҳам унинг нақадар серқирра мерос қолдирганидан далолат бериши, XI асрни бутун дунёдаги  табиий фанлар тарихчилари томонидан “Беруний асри” деб аталгани бежиз эмас. Дарҳақиқат “Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири” деган унвонгв сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотиши табиий. Айниқса тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган  “Тиб қонунлари” деб аталган унинг бебаҳо  асари бир неча юз йиллар давомида тиббиёт йўналишида дастуриламал бўлиб хизмат қилиб келмоқда.  Амир Темур ва Темурийлар даври деб ном олган давр ҳақида, номи илм-маърифат осмонида бамисоли ёрқин юлдуз бўлиб порлаб келаётган Мирзо Улуғбек ва унинг Қозизода Румий, Али Қушчи сингари сафдошлари ва шогирдлари хусусида ҳам батафсил маълумотлар мавжуд. Шунингдек, Абу Абдуллоҳ Рўдакий, Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа файласуфлар ижодий бой мероси, ҳаётлик давридаёқ кенг шуҳрат қозонган Маҳмуд Замахшарий, дунё тарихидаги биринчи туркий тиллар луғати муаллифи Маҳмуд Қошғарийлар ҳам том маънода бизнинг буюк аждодларимиз. Ўз тарихига, тўпланган тажрибага, дунёда энг катта бойлик саналган интеллектуал салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосини ташкил этади. Бугунги кундаги инсоният олдида трган иқлим ўзгаришлари, экотизим ва био хилма-хилликни сақлаш ва асраб-авайлаш буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш ҳар биримизга алоҳида масъулият юклайди, табиий заҳираларнинг тугаб бориши каби глобал муаммоларни оқилона ечими даврнинг кескин Аждодларимиз томонидан яратилган ва бизгача етиб келган бетакрор асарлар, нодир қўлёзмалар, бир-биридан гўзал такрорланмас меъморий обидалар, асосийси бизлар ўхшаши йўқ, беназир инсонлар – буюк олимлар, мутафаккирлар авлоди эканлигимиздан фахрланиб яшашга ҳақли эканлигимиз билан ғурурланамиз. Қолаверса, алломаларимизнинг илмий ва ҳаётий жасорати, бебаҳо кашфиётлари нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бошқа қитъаларда ҳам бугунги давр олимлари, айниқса ёшлар учун сабоқ бўлиб келаётганлиги, барчага ўрнак ва намуна вазифасини ўтамоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов айтганидек “Биз бой ва қадимий тарихимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Эл-юрт ва давлат учун, унинг тақдири ва келажаги учун қайғурадиган, одамларнинг эзгу ниятларини ўзига олий мақсад қилиб қўйган, элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам халқни бирлаштириб турли бало- қазолардан асраш учун сафарбар эта оладиган шахсларгина тарихда ўчмас ном қолдиради”. Биз Ўзбеклар, ўзига беклар авлодимиз. Шундай экан шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон юрт ривожи, юрт келажагига даҳлдорлик ҳисси билан яшаши керак. Чунки Ўзбекистон келажаги буюк давлат!

Абдулҳақ АБДУЛАЗИЗОВ,
Фарғона тумани “Сирли масжиди” имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan