Бу фазилат эмас, иллатдир!

“Ужб” луғатда – мақтаниш, шуҳратпарастлик маъноларини билдиради. Каҳф сурасининг 103104 оятларида:

Сиз (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъйи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, деб айтинг.

“Гўзал иш қилаяпман, деб ҳисоблайдиганлар” маъносида – “Ужб”га мубтало бўлганларга айтилган. Яна Аллоҳ таоло Луқмон сурасида:

“Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас” деб  мусулмонларга  мутакаббирлик ва мақтанчоқликни энг зиёнли амаллардан бири эканлигини уқтирмоқда.

Гоҳида инсон тўғри қилиб юрган ишидан мақтанганидек, нотўғри қилиб юрган ишидан ҳам мақтаниб юради. Пайғамбар алайҳиссаллом Абу Саълабага: “Агар муккасидан кетган очкўзни, ҳавою нафсига эргашадиган инсонни ва ҳар бир фикрловчи ўз фикрини маъқуллаганини кўрсанг, ўзингни эҳтиёт қилгин” деганлар. Ушбу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилган.

Ибн Масъуд ҳалокат икки нарсада: мақтаниш ва ноумидликда, деб таъкид қилганлар. Албатта, саодатга етишиш учун жидду-жаҳд, ғайрат, ҳаракат, талаб-истак лозимдир. Мақтанувчи инсон эса, мақсадимга етдим деб ўйлайди, аслида мақсадига етмаган бўлади.

“Ужб”дан қутулиш йўли – киши ўз ожизлигини дунёдан ўтгандан сўнг тупроққа айланиб кетишини тафаккур қилсин. Куч-қувват билан фахр қилувчилар эса, Аллоҳ таолога Од қавмини қандай ҳалокатга дучор қилганини ёдга олсин. Ёки бир кунлик иситма инсонни заиф ҳолга тушуриб қўйганлигини, Аллоҳ озгина офат билан жазолаб қўйишини билиб қўйсин. Бу куч-қувватлар, чиройли ҳусн унга вақтинча берилганини тушуниб етсин.

Демак, ушбу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, “ужб” – қалб касалликларидан бири. Бу касалликдан ҳар бир мўмин инсон қутулмоғи даркор. Ҳар бир инсон камтар бўлишга ҳаракат қилмоғи динимиз кўрсатмаларидан ҳисобланади. Улуғлар: “Одам – одамни кўрганда, шу одам мендан яхшироқ бўлса керак, деб яхши гумон қилмаса, у одамда кибр аломати бор экан” – деганлар. Ҳадисларда, кибрли одам жаннатга кирмайди, дейилган.

Шундай экан, келинг азизлар, ужбдан йироқ бўлайлик, ношуд бўлмайлик, ана ўшанда тавозеълик аломатлари секин-аста кўрина бошлайди. Шундагина, Яратган бизларни яхши кўриб, юқори даражаларга кўтарса не ажаб!

Шерзод Аҳмедов,
Данғара тумани “Муҳаммадсаид хўжа” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan