МақолаларМусулмоннинг одоби

Буни қандай тушуниш керак: “Сўзга бахил, молга сахий бўл!”

У – инсон танасидаги энг эътиборли неъмат! У – кўз, қулоқ, бурун қўл оёқларга ўхшаб инсон танасининг ташида эмас. Ёки юрак, ўпка, жигар каби инсоннинг ичида ҳам жойлашмаган. У буларнинг ўртароғида, худди қалъанинг деворларини эслатиб турувчи ўттиз икки тишнинг орасида осма кўприкларни ифода қилувчи, икки лабнинг ортидан қўним топган. Юқоридан шифтни эслатадиган танглай остида ва юқоридан бошқариб турадиган ақл билан мустаҳкамланган жойда туради у. Ҳа, бу сиз англагандек – тил.

Ўйинқароқ, шўх боламиз биз учун қадрли буюмни синдириб қўйганида қалъасидан ҳовлиқиб чиққанида, беихтиёр босилган тепки сабаб ўша фарзанд ҳаққида айтилган қарғиш сўзларга мезбон бўлади, тил. Аксинча, фарзандимиздан хурсанд бўлган чоғимизда қалбимиз тўридаги энг яхши тилак, дуога ҳам эга чиқадиган аъзо ҳам тил бўлади. Шунинг учун бўлса керак, ота-боболаримиз ҳам ҳар бир сўзларига эътиборли бўлиб, улар сўзга ўта бахил, молга эса ўта сахий бўлган эканлар. Улар бир гапни гапиришдан олдин ўйлаб гапиришган, айни вақтда биз мол-дунёимизни ўйлаб сарф килганимиз каби. Молга сахий эдилар, худди биз бугун сўзга сахий бўлганимиздек.

Қинидан чиққан қилич етказган жароҳатдан кўра, ўзининг қаласидан бемаҳал чиққан тилнинг жароҳати оғирроқ бўлади. Қилич жароҳати табиблар малҳами ила тузалади вақт ўтиши билан, лекин тил етказган жароҳат эса йиллар ўтса-да тузалмаслиги ҳам ҳақиқат. Шоир айтганидек:

Синса кўнгил шишаси тадбир ила бўлмас бутун,
Устихон эрмаски, они рост қилса мўмиё.

Кўнгил бир суяк бўлсаки, суякни мўмиё тузатгандай кўнгил шишаси, қалбни тузатса…

Иқболжон АЪЗАМОВ,
Қўқон шаҳар “Дегрезлик” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close