Буюк Абдуллоҳлар!

АБДУЛЛОҲ ибн АББОС розияллоҳу анҳу (ёҳуд ал-Аббос) Абул Аббос розияллоҳу анҳу (619-686) – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ниҳоятда илмли бўлганлиги туфайли «хабр ал-умма» («жамоа донишманди») лақабига сазовор бўлганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг фаолиятлари, айтган сўзлари ҳақидаги ҳикояларини (ҳадислар) тўплаш фикри дастлаб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонидан таклиф қилинган.   Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръонни тафсир қилувчи, фиқҳга оид масалаларни шарҳловчи (ҳуқуқга доир масалалар бўйича унинг ўзи хулоса чиқарган), жоҳилият даври тарихи, Пайғамбаримиз  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларига оид ҳикояларни етказувчи ровий сифатида машҳур  бўлганлар.

АБДУЛЛОҲ ибн АБУ БАКР (? – 632) – Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ  розияллоҳу анҳунинг  ўғиллари, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайин инилари. Исломнинг дастлабки йилларида мусулмонликни қабул қилганлар. Ҳижрат чоғи пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарлари Абу Бакр розияллоҳу  билан уч кун Савр ғорида қолиб кетганларида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр   уларга ҳам егулик келтириб, ҳам мушрикларнинг ишларидан хабардор қилиб туриш билан муҳим вазифани адо этган. Кейинчалик у зот ҳам Маккадан кетиб, «муҳожир» деган номга сазовор бўлганлар. Макка фатҳида, Ҳунайн ва Тоиф жангларида иштирок этганлар. Тоифдаги муҳосарада ўқ тегиб, яраланганлар.

АБДУЛЛОҲ ибн МАСЪУД  розиллоҳу анҳу, тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Рофия ибн Ҳабиб ал-Хузалий; кунялари – Абу Абдураҳмон (590-653) – буюк саҳоба, буюк фақиҳ ва мужтаҳидлардан бири, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида турган зотлардан. Шу сабабли Қуръони каримни ҳаммадан яхши ўрганган, жуда кўп ҳадис эшитган ва ёд билган. Расулуллоҳ оғизларидан эшитиб ҳифз этган, тафсир илмининг энг моҳири эдилар.   Абдуллоҳ ибн Масъуд розиллоҳу анҳу Қуръони каримни Маккада қурайшлар орасида энг аввал ёйган, Мақоми Иброҳимда Раҳмон сурасини очиқ-ошкор ўқиган эдилар. Бадр ва Уҳуд ва бошқа барча жангларда қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  вафотларидан сўнг Куфа хазинасининг бошлиғи бўлганлар. Усмон розиллоҳу анҳу даврида Мадинага келиб шу ерда 63 ёшида вафот этганлар.

АБДУЛЛОҲ ибн МУБОРАК, тўлиқ исми Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Ханзалий ал-Марвазий (736-797) – иккинчи даражали тобеинлардан; суфий, муҳаддис. Ҳадис, фиқхда замонасининг етакчи олими. Хоразм туркийларидан Муборак ибн Возиҳнинг ўғли. Хуросоннинг илмий-маданий маркази Марвда туғилган. Бутун умрини ҳаж, жиҳод, илм ва ибодат йўлига бахш этган. Кўп мамлакатларга саёҳат қилган. Саёҳатларида Абу Ҳанифа билан кўришган ва унинг энг мумтоз шогардлари сафидан ўрин олган. Суфийлик, фиқҳ, ҳадисшунослик, тарих, филология ва тафсирга оид асарлар ёзган. 20 минг ҳадисни ўз ичига олган 20 асарини Абу Ҳанифанинг абвоби фиқҳига кўра тартиб этган. Жиҳод ҳақида илк асар таълиф этган ва илк дафъа Арбаъин (қирқ ҳадис) ёзган. Абдуллоҳ ибн Муборакдан баҳраманд бўлганлардан бири имом Аҳмад ибн Ханбалдир. Имом Бухорийнинг отаси – Исмоил Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шогирдларидан бўлган. Тарсус (Сурия)дан қайтаётганда вафот этган ва Фурот дарёсининг қирғоғидаги Хиш шаҳрида дафн этилган. У  зотнинг «Китоб аз-зуҳд вар рақоиқ» номли 16 жуздан иборат китоби бизгача етиб келган.

АБДУЛЛОҲ ибн УМАР розияллоҳу анҳу, тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб ал-Адавий, кунялари – Абу Абдурраҳмон (тахм. 612-693) – асҳоби киромнинг энг юксак олим ва мужтаҳидларидан бири. Ҳижоз фиқҳи ва ҳукуқининг тамал тошини қўйган зот. Олтмиш йил фатво бериш билан шуғулланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан сўнг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп – 2630 ҳадис ривоят қилганлар. Оталари Умари Форуқ розияллоҳу анҳу  билан Мадинага ҳижрат қилганлар, Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу   вафот этгач халифалик таклиф қилинган, аммо бу рутбадан бош тортганлар.

Манба:  Ислом энциклопедияси  Тошкент 2004 йил.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan