Ислом ва иймон

Бугун жума

Бугун – кунларнинг саййиди, мискинларнинг ҳажи бўлган жума! Меҳр янада жўш урадиган, яқинлардан ҳол сўрайдиган кун!

Жума намозини ўқиш учун алоҳида тайёргарлик кўриладиган, соат 11 дан ўтиши билан Аллоҳнинг каломи, хусусан, “Каҳф” сураси тараладиган кун!

Маъруф (яхши) ишларга буюриб, мункар (ёмон) ишлардан қайтариладиган кун! Ўтган жума билан бу жума орасидаги гуноҳлар ўчириладиган, жума намозидан сўнг мўминлар бир-бирларидан ҳол сўраб, кўнгилларда ҳаловат, юзларда табассум, қўлларда болаларга ширинлик ила уйга қайтадиган кун!

Ҳа, жума кунининг тонги отди, лекин ўтган жумаларга ўхшамайди. Масжид йўллари бўш бўлиб қолган, масжидларда “Каҳф” сураси ўқилмайдиган бўлиб тонг отди.

Масжидлар бор-у эшиги берк, меҳроблари бор-у имоми йўқ, сафлари бор-у жамоати йўқ, Қуръонлари бор-у қориси йўқ, жума кирди-ю лекин табриги йўқ…

Эй диндошим! Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ила бўлур, бандага асло зулм қилинмас. Шундай экан, унда неъматлар биздан нега олиб қўйилди? Нега Аллоҳ байтига боришимиздан, каломини ўқиш-у эшитишдан, биргаликда илтижо қилишдан чеклаб қўйди?

Бир эслаб кўринг! Ахир Роббимиз: “Шукр қилсангиз, неъматимни зиёда қиламан” демаганмиди?! Биз ўзимизга берилган неъматлар қадрига ета олдикми? “Бордию куфр (ношукрлик) қилсангиз, азобим қаттиқ” деб огоҳлантирганди ҳам. Ёки бу ношукрлигимизга бўлган азобдан нишонмикан?

Эй мўмин биродарим! Бугун ибодат қилган ҳам қилмаган ҳам, яхшилик қилган ҳам қилмаган ҳам, неъматларни қадрига етган ҳам етмаган ҳам надомат қилиб, афсус чекмоқда.

Охиратда ҳам икки тоифа надомат чекар экан, бири хайрли (яхши) амалларни қилмаганига, иккинчиси эса хайрли ишларни яна ҳам кўпроқ қилмаганига.

Шундай экан, бу синовли кунларда Аллоҳга астойдил тавба қилайлик! Истиғфорни кўпайтирайлик ҳамда яхши ишларни кўпайтиришга ошиқайликки, охиратда надомат қилувчи бўлиб қолмайлик! Зеро, у кундаги надомат оғирдир.

Эй Роббимиз! Агар бу синовларни биз банларни имтиҳон қилиш учун юборган бўлсанг, бу имтиҳондан чиройли ўтишни бизга насиб эт! Агар бу синовларни гуноҳларимиз сабаби ила азоб ўлароқ юборган бўлсанг, биз бандаларни гуноҳимиз сабаб азобга қўйма! Ўзинг бу синовларни тез фурсатда, ватанимиз, юртимиз ҳамда бутун дунёдан кўтаргин! Омийн!

Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close