Дабдабали тўй обрў келтирмайди

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаати эълон қилинди. Шу муносабат билан вилоятимиз фаоллари вакиллари газетамиз орқали ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Қуйида мавзу юзасидан давра суҳбати баёни газетхонлар ҳукмига ҳавола қилинмоқда. Суҳбат «Фарғона ҳақиқати» газетасида чоп этилган.

Аҳмадали ҒОФУРОВ, Фарғона Давлат университети профессори, иқтисод фанлари доктори:

Халқимизнинг ҳаёти ана шундай соддалик, самимийлик билан йўғрилган. Ана шу фазилат ўзимизга жуда ярашади. Шукрки, етти фарзандим, 23 неваранинг тўйларини ўтказдим, сарф-ҳаражатларини назорат қилдим. Манмансираган, исрофгарларнинг ўзига қўйиб берсанг нималар қилишмайди. Бу ерда гап катталарда, кўпни кўрган инсонларда. Улар талабларида қаттиқ туриб олсалар тўйлар жуда ихчам ўтади.

Болтиқбўйи республикаларининг бир неча шаҳарларида бўлдим. Ўша ерлик аҳолининг никоҳ тўйларида қатнашдим. 15-20, нари борса 30 чоғлик меҳмонлар билан тўй ўтказишаркан.

Ҳиндистонда бир ойлик саёҳат сафарида ҳинд халқининг тўйларида бўлдим. Тўйларда базм уюштирилиб ўйин-кулги бўларкан, аммо тўй зиёфати жуда камтарона, дастурхон атрофида 20 нафар меҳмон, қолганлар базм томоша қилишаркан. Бу хотираларнинг ҳаммасини ён дафтаримга қайд этиб қўйганман.

Миллий, диний қадриятларимиз тарихида ҳам тўйларни серҳашам қилиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Бугун жуда тўкинчиликда ҳаёт кечиряпмиз.  Лекин бу дегани тўкиб-сочиб тўй қилаверсак бўлади, дегани эмас. Мен ҳар доим маърузаларимда бир гапни кўп такрорлайман. Маънавият билан иқтисодиёт бир томчи сувдек бир-бирига яқин.  Маънавиятли инсон ҳеч қачон иқтисодий инқирознинг содир бўлишига йўл қўймайди. Тўйларимиз маънавиятимизга ҳам, иқтисодиётимизга ҳам путур етказмаслиги керак.

Жамилахон ОРТИҚОВА, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Бағдод туман Кенгашининг раис ўринбосари:

Ҳар бир маҳаллада тўй маросимларни камчиқим ўтказиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бордик. Натижада Пахтаобод, Чувринди, Мурувват, Юксалиш МФЙ ларда тўйдан олдинги ва кейинги маросимларга чек қўйилди. Яқинда Юксалиш МФЙ Пахта қишлоғидан Нурмуҳаммад Маҳкамов ўғлини уйлантирди. Келин томонга ҳеч қандай “солиқ” солинмади. Ихчам, файзли тўй бўлди. Имконият қадар жиҳозларни куёв томоннинг ўзи сотиб олди. Шу ўринда бир гап. Тушунтириш ишларида келин олаётган қайнона қизнинг хонадонига  бориб онасига мебел, зиёфат, йўқловлар қилманг деб гувоҳлар иштирокида айтиб келишини таъкидлаяпмиз. Чунки бир кун келиб шу масалада қайнона келинга таъна-дашном бериши ҳам мумкин, ўртада низо ҳам чиқади. Шунинг учун келин оладиган қайноналарга ҳам қатъий талаблар қўйиляпти.

Баҳорнинг илк кунларида Мирзаобод қишлоғида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила Донохон Султонованинг набирасига маҳалланинг ўзи суннат тўйи қилиб берди. Ахир ҳар бир хонадонда улғаяётган бола шу элнинг, шу маҳалланинг боласи. Уларни тарбияси, илми-маърифати, эртанги ҳаётига эътибор билан қарасак, албатта бу яхшилик яхшилик бўлиб қайтади. Эндиги фаолиятимизда ҳам кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини ҳамжиҳат бўлиб ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Турғуной ЭГАМБЕРДИЕВА, ФарДУ профессори:

Тўй олди-бердиси сабабли қудалар ўртасидаги номурасозликлар, оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида аёллар билан алоҳида савол-жавоблар ҳам ўтказамиз. Учрашувларимизга асосан ҳаёт тажрибасига эга бўлган, илмли, ҳунарли фарзандларни тарбиялаган онахонлар келишади. Афсуски, номуроса оилалар аъзолари бу суҳбатларга келишмайди. Маҳалла маслаҳатчилари эндиликда уларнинг ҳам иштирокини таъминласалар тадбирлармизнинг амалий жиҳати яққол кўринади.

Университетда талабалар ўртасида “Қизларни турмушга тайёрлаш” мавзусида семинар-суҳбатлар олиб борилади. Аксарият қайноналар ўқимишли қизни келин қилиб олгиси келади. Илм даргоҳимизга келинликка қиз сўраб келувчилар ҳам кўп. Аммо улар орасида ҳали турмуш, рўзғор илмини пухта эгалламаган қизлар ҳам бор. Шу боис ҳамма соҳани қамраб олган қизлар клуби ташкил этилди. Бундан буён тўйларимиздаги ёшлар ҳаётига кириб келган “оммавий маданият” кўринишларига кескин барҳам берамиз. Талабалар ўртасида тўйлар борасида тушунтириш ишларини олиб борамиз.

Одинахон РАЙИМЖОНОВА, Фарғона тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

Туман аҳолисининг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиш жараёнида тўй ўтказиш масаласида жуда жиддий муаммолар борлиги аниқланди. Масалан, Водил, Чимён, Миндон, Аввал, Хонқиз, Оқбилол қишлоқларидаги тўйлар бир-биридан урф-одат, қўшимча маросимлари билан кескин фарқ қиларкан. Куни кеча Водил МФЙ да ана шу ҳудудларнинг маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказдик. Туман бўйича тўй маросимларни ташкиллаш бўйича ягона йўриқнома ишлаб чиқилди. Барча ҳудудда бир хил-камтарона тўй қилиш белгиланди.

Мавриди келганда айтиш керак, одамлар орасида аза маросимларини ҳам серҳашам ўтказиш одат тусига кириб қолган. Бир хонадонга таъзия билдириш учун кирдик. Маърака маросими ниҳоялаган экан. Ҳовли чеккасига иккитадан ўчоқ-қозонлар ўрнатилган, ювилган коса-лаганлар катта бир тўйни эслатади. Икки аёл бирининг қўлида сават, иккинчисиникида тугун, аранг кўтариб кетяпти. Уларни тўхтатиб саволга тутдим. Биз қудалармиз, дейишди. Бу манзара менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Маҳалла дастурхончи, отинойиларига алоҳида таъкидладим. Бундай мусибатзада одамларнинг уйига тугун, сават кўтариб келманг, бор товоғим-кел товоғим қабилида иш тутманг, кўнглингиздан чиқарсангиз пакет кўтариб келинг-да ўша хонадонда қолдиринг. Етти, йигирма, қирқ, эллик икки деб бировнинг уйида таомхўрлик қилишни бас қилайлик.

Ҳилолахон Комилова, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси:

– Кишиларга насиҳат қилиш, кўрсатма бериш осон. Аммо насиҳатни қулоққа олиш учун насиҳатчининг ўзи айтганларига амал қилиши керак. Акс ҳолда сўз ва амал бирлигига путур етади. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Сўзларнинг энг чиройлисига эргашинглар” дея марҳамат қиладилар. Бу дегани сўзларни одамларга манфаат берадигани, уларнинг ҳаёти учун зарурати борлигига амал қилишдир. Ўзим яқинда қиз узатаман. Бўлғуси қуда ва куёв бола билан ўзаро келишиб олинди. Ҳеч қандай олди- берди, бўлмади. Фақатгина келинга аталган сарполар куёв томондан юборилди. Тўйни ҳам эълон қилинган Мурожаатномада таъкидланган талаблар доирасида ўтказмоқчимиз. Иншаоллоҳ бу ташаббусларимиз хайрли, бўлади.

Дарҳақиқат дабдабали тўйлар ҳеч қачон халқимизга обрў келтирмайди, балки ташвиш, қайғу келтиради.Тўйлардаги ортиқча ҳаражатларга кетадиган маблағни фарзандларимизнинг илм олишлари, ҳунар ўрганишлари учун сарфласак икки дунё саодатига эришамиз.

Манба: haqiqat.uz

Тавсия этамиз

Leave a Comment