ДолзарбМақолаларЎзбекистонЯНГИЛИКЛАР

Илм аҳлига кўрсатилган кўмак, динга қилинган ёрдам демак!

Ўтиб бораётган 2020 йил бутун дунё халқини, жумладан юртимиз аҳолисини ҳам қаттиқ синовдан ўтказмоқда. Коронавирус инфекция ёҳуд COVID-19 касаллигининг тарқалиши олдимизга қўйган мақсад ва режаларимизни ўйланганидек амалга ошиши учун катта тўсиқ бўлди. Лекин азал-азалдан аждодлари илм-фан, юксак маданият ва маърифатда бутун дунёга ибрат бўлган миллатимиз бу синовлар замиридан яхшилик ва ҳикмат излайди. Чунки ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлади ҳамда унинг ортида ҳикмат яширинган бўлади.

Хусусан, ана шундай синовли кунларда халқимиз янада бирлашди, бир-бирини асраб-авайлайдиган, бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам илинадиган бўлди десак, бу ҳам тўғри бўлади.

Аслини олганда, машаққатлар осонлик билан енгилмайди.Бугун ҳам барчамиз бевосита бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бироқ миллатни, халқни, мўмин-мусулмонларни ана шундай имтиҳонли кунларда бир-бирларини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши замирида улкан мазмун ва моҳият мужассам бўлган, десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.

Маълумки, Муборак Қурбон ҳайити кунлари Ўзбекистон Республикаси Презиентдининг Фармонига кўра коронавирус пандемияси даврида аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийинчиликка дуч келган фуқаролар, шунингдек, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантирилишиҳам эътиборга молик иш бўлди.

Президент Фармонига мувофиқ, ажратилган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий филиаллари кўмагида Ипотека банки орқали ўз эгалариларига топширилмоқда. Биз жараён билан яқиндан танишиш мақсадида айрим имом-хатибларни суҳбатга чорладик.

Убайдуллоҳ Абдуллаев – ЎМИнинг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби:

Хабарингиз бор, бугунги пандемия шароитида юртимиздаги масжидлар ҳам фаолиятини бошлагани йўқ. Жамоат ва жума намозлари вақтинча тўхтатилган. Тизимда фаолият юритаётган имомлар ва масжид ходимлари деярли ойлик маошларисиз қолаётгани ҳам ҳақиқат. Бундай вақтда илм аҳлини, дин ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийинчиликка дуч келаётганларга ёрдам кўрсатиш асосий эътибордаги масалалардан эди. Муҳтарам Президентимизнингдиний соҳа ходимларини ҳам эътибордан четда қолдирмай, айни шу синовли дамларда уларни рағбатлантиришлари ҳаммамиз учун катта қувонч бўлди. Мукофотни қабул қилаётган ходимларнинг барчаси хурсанд: гап пул ё маблағда эмас, балки дин ходими ҳам юрт раҳбарининг эътиборида эканидадир.

Вилоятида фаолият олиб бораётган масжид ходимларига 1238500000 (бир миллиард икки юз ўттиз саккиз миллион беш юз минг) сўм пул маблағи моддий кўмак сифатида тарқатилди.

Давронбек Усмонов – Фарғона тумани “Ҳувайдо” масжиди имом-хатиби:

–Юртбошимиз, муфтий ҳазратлари ҳамда соҳага мутасаддиларимиз эътибори сабаб қанчадан-қанча масжид ходимлари оиласига бугун хурсандчилик-шодлик кириб борди. Нафақат имом-хатибларимиз, балки уларнинг оила аъзолари ҳамда мухлис халқимиз ҳам кўрсатилган эътибордан мамнун бўлиб, дуо қилмоқдалар. Илм аҳлининг қалб қўридан инган дуолар даргоҳи илоҳийга қабул бўлсин!

Шукруллоҳ Акбаров – Бувайда тумани “Катта маҳалла” масжиди мутаваллиси:

– Илм аҳиллари қатори биз мутаваллиларни ҳам эътибордан четда қолдирмаганлари учун Президентимиз, Дин ишлари бўйича қўмита масъуллари ва муфтий ҳазратлари бошчилигидаги барча раҳбарларимизга ташаккур айтаман! Зеро, бу эътибор бизни янада шижоат ва ғайрат ила ишлашга омил бўлди. Муҳими эътибор ва қадр!

Неъматуллоҳ Қурбонов – Риштон тумани “Оқмозор” масжиди имом-хатиби:

–Фурсатдан фойдаланиб, ушбу хайрли ишга бош бўлган ва сабаб бўлганларга ўзим ва барча аҳли илмлар номидан миннатдорчилик изҳор қиламан. Ўрни келганда айтиш жоизки, яқиндагина “имомлар карантин вақтида моддий жиҳатдан қийналиб қолмадими” мазмунида хабарлар чиққанида ижтимоий тармоқлар орқали гўё аҳли илмларни ёқлаб, давлат ва бошқа мутасаддиларни танқид қилганларни ҳам кўрдик. Ажабланарли жиҳати эса, кечагина “ёрдам бермади” деб таъна қилаётганлар бугун “имомлар ёрдамга муҳтожми” дея яна ўзларини кўрсатишяпти. Биз ҳар нарсанинг иллатини кўрсагу, аммо ҳикматини кўрмасак, кўрсакда тан олмасак, бу ҳам адолатдан бўлмайди.

Дарҳақиқат, аҳли илмлар халққа илм-маърифат улашувчи, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчилардир. Аҳли илмга кўрсатилган кўмак, динга қилинган ёрдам демакдир. Мусулмонлар азал-азалдан илм аҳли доимо хоҳ моддий, хоҳ маънавий жиҳатдан бўлсин қўллаб-қувватлаб келганлар. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан аҳли илмларга кўрсатилган эътибор, муқаддас динимиз таълимотлари, аждодларимизнинг ўчмас қадриятларининг давом этаётганидан даракдир!

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close