Дунё неъматларининг энг яхшиси

Яшаб турган жамиятимизда энг комил  инсонлар  оиласига ва аҳли-аёлига яхши муомалада бўлганларидир. Гапимизни исботи эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги хадисларида мужассам:

«Мўминлар орасида иймон жиҳатидан комили чиройли хулққа эга бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши муомалада бўлганларингиздир».

Бу ҳакда Аллоҳ таоло ўзини каломида: «Аёллар ила яхши муомалада бўлиб ҳаёт кечиринглар», деб марҳамат қилган  (Нисо, 19-оят).

Эркак кишининг асосий маъсулиятларидан бири, оилани бошқариш давомида унинг тинч-тотувлигини сақлашдир. Ислом тарихи  уммат хаётида мураккаб масалаларни қамраб олган машҳур воқеалардан бири Ҳажжатул Вадоъдаги насиҳатлари бўлиб, бу  “Видо ҳутбаси” деб ном олган. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ушбу насиҳатларида эр-хотиннинг ўзаро муомаласига катта эътибор бериб, шундай деганлар:

«Эй инсонлар! Аёлларга доимо яхши муомалада бўлинглар. Улар сизларга итоаткор сифатида берилди. Сизларга нисбатан улар очиқ ахлоқсизлик содир этмагунча ундан (чиройли муомала қилишдан) бошқача муомала қилишга хаққингиз йўқ…

Огоҳ бўлинг, уларнинг устида сизларнинг хаққингиз бор. Сизларнинг устингизда уларнинг хаққи бор.  Уларнинг хаққлари – таомлари ва либосларини чиройли қилмоғингиз».

Ушбу насиҳатда эр-хотин орасидаги муомала маданияти ўзига хос услубда баён қилинган. Бу насиҳатга амал қилганлар оилада ўзлари кўзлаган эзгу мақсадга эришадилар. Саодатли ҳаётда ва  жамиятда  олий мақомларга эга бўладилар.

Динимизда салоҳиятли аёл ҳаёт сурури ва оила чироғи, берилган неъмат ва марҳаматларнинг улуғи деб баҳоланади.  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунё неъматларининг энг яхшиси салоҳиятли аёлдир», деганлар.  Шундай экан, ҳар бир эркак аёлига ғамхўрлик кўрсатиши, ҳар қандай муомалада берилган буюк марҳаматни эъзозлаши керак.

Агар аёл киши овқат тайёрлаб келса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки воқеани айтса, эр унга эътибор қилиши, муносабатини билдириши даркор. Уй ишларида ёрдам бериб, оғирини енгил қилиши аёлнинг кўнглини кўтаради, натижада эса ўртадаги мехр-оқибат ришталари мустаҳкамланади.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

Менинг ҳазратим Доктор Абдулҳай раҳматуллоҳи алайҳ бир куни бир ажойиб воқеани сўзлаб бердилар: Менга тааллуқли кишилар ичида бир жаноб бор эди.  Аёли иккиси менинг мажлисимга келиб турар эди ва бироз ислоҳий алоқа ҳам ўрнатилган эди. Бир куни икковлари мени уйларига таклиф қилдилар. Шундай қилиб, мен уларнинг уйларига бордим. Бориб таом едим ва таом жудаям яхши тайёрланган эди.

Ҳазратимизнинг доимий одатлари шу эдики, қачонки, таом есалар, таомдан кейин, руҳланиши ва қалби севиниши учун, сиз жуда яхши таом пиширибсиз деб таом пиширган аёлни мақтаб қўяр эдилар.

Шундай қилиб, Ҳазрат таомни еб бўлдилар. Ўша аёл парда ортига келди ва Ҳазратга салом берди. Шунда, Ҳазрат, сиз жудаям лаззатли ва яхши таом пиширибсиз, таомни еб маза қилдим дедилар.

Ҳазрат айтадиларки, мен шу гапни айтганимда, парда ортидан ўша аёлнинг пиқир-пиқирлаб  йиғлаган овози эшитилди. Мен эса ҳайрон бўлиб қолдим. Қайси гапим унга оғир ботгани ва қалбини парчалаганини билмай қолдим. Шунда, мен: «Нима гап? Нега йиғлаяпсиз»? деб сўрадим.  У йиғисини зўрға тўхтатганча: «Ҳазрат! Бугун мен эрим билан бирга яшаётганимга қирқ йил бўлди. Лекин шунча муддат ичида хечам мен унинг тилидан “бугун таом яхши бўлибди” деган гапни эшитмадим.  Ҳозир сиздан бу гапни эшитиб, менга йиғи келиб кетди» деди.

Ибрат оладиган бўлсак,  икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим.

Ҳар бир инсон оила муҳитида камолга етар экан, оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги учун масъулдирлар. Бу билан эса  она Юртимиз ҳамда  жамият тараққиётига катта ҳисса қўшган бўладилар.

Раҳматилло Мадаминов,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan