Эҳтиёт бўлинг! У кетса, қайтиб келмайди

Aллоҳ таоло Қуръони карим оятларида вақт ва унинг аҳамияти ҳақида баён қилиб, ҳатто айрим ўринларда вақт билан қасам ҳам ичади. Жумладан, Aср, Лайл, Фажр ва Шамс сураларининг аввалги оятлари ҳам вақтга, вақтнинг бир бўлагига қасам билан бошланадики, бу ҳам бўлса, унинг Aллоҳ таолонинг наздида ҳам нечоғлик улуғ эканлигига ишорадир.

Инсон ҳаётида вақтнинг ўрни қандай, ундан қандай фойда олиш керак ва унинг моҳияти нимада деган саволларга айрим ҳикмат аҳли шундай зарбулмасал орқали жавоб беради. Вақт – гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Aгар иплар ёмон ва тўзиган бўлса, ҳаёт ҳам тубан, бемаъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти, агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастмоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам, оздир. Оз бўлса-ю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозимдир.

Исломда ҳар бир инсон вақт ва умрни бекор ўтказмасликка буюрилган. Инсон ҳаёти бу дунёда экинзор каби бўлиб, ҳосилини йиғиш эса охиратдадир. Шундай экан, банда энг муҳим нарсаси бўлмиш вақтни фойдасиз ишларга сарфламаслиги зарурдир. Aгар замон ва умр қийматини билмай, уни беҳуда ишларга сарф этса, бошига шундай кунлар келадики, берилган муҳлат қадрини ва амаллар қийматини билади. Бу пайтда одам фарзанди вақтини зое қилганига, умрини кераксиз ишлар билан ўтказганига пушаймон бўлади-ю, лекин унинг бу пушаймонлиги фойда бермайди. Бу ҳолат одам фарзанди дунёдан узилиб, охиратга юзланган ва Роббисининг ҳузурига борган ҳолида содир бўлади. У ўзига озгина муҳлат берилса ва ўлими бироз ортга сурилса-ю, ёмон ишларини тўғрилаган, яхши ишларни қилган ва ҳаётини беҳуда ўтказмаган бўлар эдим, деб умид қилади, лекин бу пушаймонлиги фойда бермайди. Бу ҳолатдан Aллоҳ таоло ўз каломида хабар беради.

وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ أَوَلَمْ تَكُونُوا أَقْسَمْتُمْ مِنْ قَبْلُ مَا لَكُمْ مِنْ زَوَالٍ (سورة إبراهيم ۴۴

“Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, Сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз», дерлар. Бундан олдин сизларга завол йўқлигига қасам ичмаган эдингизми?” (“Иброҳим” сураси, 44–оят).

Шундай экан, эртага сизу биз ҳам ҳасрат надомат қилмаслигимиз учун вақтимиз, умримиз, ҳаётимизни қадрига етиб, ҳар дақиқамизни ғанимат билмоқлигимиз, ундан унумлик фойдаланишимиз лозим бўлади. Aллоҳ барчаларимизни вақтини қадрлайдиган ҳаётини қадрига етадиган мўминлардан бўлишимизни насиб қилсин!

Жалолиддин МАМАТҚУЛОВ,
Учкўприк тумани “Шоҳ Муқаддам” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan