Экканингни ўрасан

Бир жойда саксон ёшга бориб қолган одам ҳақида гап кетди. Маълум бўлишича, бу одам ёлғиз яшар, беш ўғли бор экану, лекин биронтаси ҳам унинг ҳолидан хабар олмас эди. Сўз олган одам борки, бу бевафо фарзандлардан ранжиб гапирдилар.

Отанинг ҳоли ғариблиги, ўғилларининг эса бағритошлиги рост. Лекин шу ўринда кўнглимдан кечган гапни аччиқ бўлса ҳам айтай – мен шу мўйсафидга юраг-юрагимдан ачинмадим. Бешта ўғлининг ҳаммаси қачон ёмон бўлиб улгурди? Очиғи, бағритошлик уларга ё наслдан ўтган, ё улар бағритошларни кўриб, андишасиз ҳаётни симириб катта бўлганлар, ё ҳарқалай бу уйда уларни ота безори, уй безори қилган, фақат ўзлари биладиган нохуш вазият мавжуд.

Залда мунозара кетаяпти-ю миямга бир фикр урилаверди. Нима учун ҳаёт бу кишига шу хилда тақдир берди? Бу ниманинг жавоби-ю, ниманинг акс-садоси? Ё ўзи ҳам ёшлигида ота-онасига бемеҳр бўлганимикин? Болаларини ҳалоллик билан боқмадими ё?

Ҳар кимнинг қисмати Яратганнинг ўзидан, деб гапни чўрт кесиш ҳам мумкин. Aммо бу томоша ҳаётни кузатар экансан, унинг турфа таъмини гоҳ йиғлаб, гоҳ қувнаб тотар экансан, нима учун ҳаммага ҳар хил қисмат буюрилишини тушунгинг, таҳлил қилгинг ва савоб йўлида ортингдан қоладиганларингга уқдириб кетгинг келиб қоларкан.

Ҳаёт ўзи “экканингни оласан”, “қилмиш-қидирмиш” деган шартларини тинмай рўкач қилиб туради. Биз эса уни четга суриб, хатолар содир этаверамиз. Биз нафс туфайли шундай бўлдик. Бу ғийбат, хиёнат, ёлғон, емак-ичмак нафси, шуҳрат-мартаба нафсидир, шаҳвоният нафсидир.

Гоҳида бировнинг йўлиққан қайғусига ўта ачиниб, жон ҳалак қилсам, онам мени қаттиқ койир: “Қўлингдан келган яхшилигингни қил, аммо бунақа ўртаниб кетма, унга Худонинг раҳми келсин”, дердилар.

Саломатлик тақвимидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close