Эр-хотин олти ойдан ортиқ алоҳида яшаса, талоқ тушадими?

Савол: Ассалому алайкум!
– Қизимнинг турмуш ўртоғи сафарга кетган эди. Баъзиларнинг айтишига қараганда эр-хотин олти ой давомида кўришмаса, ўртага талоқ тушиб, қайтадан никоҳ ўқитиш керак экан. Шу гап ростми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом!
– “Эр-хотин олти ойдан ортиқ кўришмасдан яшасалар, ўрталарига талоқ тушади ва никоҳ бузилади”, – деган гап тўғри эмас. Зеро, мўътабар шаръий манбаларимизда бундай маълумот учрамайди.

Эр-хотин олти ой ёки ундан ортиқ бирга яшамаслиги ёки кўришмаслиги аслида яхши иш бўлмаса-да, лекин эр хотинига талоқ ёки талоқ маъносидаги сўзни айтмаган бўлса, ўз-ўзидан ўртага талоқ тушмайди.

Мазҳабимиздаги мўътабар фиқҳий китобларда дараксиз йўқолган киши ҳақида шундай дейилади:

هُوَ الَّذِي غَابَ عَنْ أَهْلِهِ أَوْ بَلَدِهِ أَوْ أَسَرَهُ الْعَدُوُّ وَلَا يُدْرَى أَحَيٌّ هُوَ أَوْ مَيِّتٌ وَلَا يُعْلَمُ لَهُ مَكَانٌ وَمَضَى عَلَى ذَلِكَ زَمَانٌ فَهُوَ مَعْدُومٌ بِهَذَا الِاعْتِبَارِ ، وَحُكْمُهُ أَنَّهُ حَيٌّ فِي حَقِّ نَفْسِهِ لَا تَتَزَوَّجُ امْرَأَتُهُ وَلَا يُقَسَّمُ مَالُهُ وَلَا تُفْسَخُ إجَارَتُهُ وَهُوَ مَيِّتٌ فِي حَقِّ غَيْرِهِ لَا يَرِثُ مِمَّنْ مَاتَ حَالَ غَيْبَتِهِ ، كَذَا فِي خِزَانَةِ الْمُفْتِينَ …
لَا يُفَرَّقُ بَيْنَهُ وَبَيْنَ امْرَأَتِهِ وَحُكِمَ بِمَوْتِهِ بِمُضِيِّ تِسْعِينَ سَنَةً وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى وَإِذَا حُكِمَ بِمَوْتِهِ اعْتَدَّتْ امْرَأَتُهُ عِدَّةَ الْوَفَاةِ مِنْ ذَلِكَ الْوَقْتِ.

яъни: “Аҳли-оиласи ёки шаҳридан дараксиз ғоиб бўлган ёки душман уни асир олган, тирик ёки ўлганлиги ёхуд қайси жойда эканлиги номаълум бўлган киши, бу ҳолатга бир муддат ўтган бўлса, у (юқоридаги ҳолатлар эътиборидан) – бедарак йўқолган шахс ҳисобланади. Бу шахс ўзи ҳаққида тирик ҳисобланади, яъни хотини бошқага турмушга чиқа олмайди ва мол-мулки меросхўрларга бўлинмай туради, ижара шартномаси тузган бўлса бузилмайди. Бошқалар ҳаққида ўлик ҳисобланади, яъни у бедарак йўқолган вақтда вафот этган қариндошларидан мерос олмайди. “Хизонатул муфтин” китобида шундай дейилган.
(Қози бедарак кетган) киши ва хотини ўртасини ажратиб юбормайди. Йўқолган шахс тўқсон ёшга кирса, уни ўлган деб ҳукм қилинади. Фатво мана шу сўзга берилган. Уни ўлди деб ҳукм қилинган кундан бошлаб, хотини ўлим иддасига ўтиради”. “Фатавои ҳиндийя”.

Демак, Ҳанафий мазҳабимизга кўра бедарак йўқолган эр тўқсон ёшга киргунигача хотини уни кутади. Қачонки, йўқолган одам тўқсон ёшга кирса, уни ўлган деб ҳисобланиб, эр-хотин ўртасидаги никоҳ узилади. Хотин ўлим иддасини ўтиради. Бу муддат қанча узун бўлмасин, орага ўз-ўзидан талоқ тушиб қолмайди.

Шундай экан, одамлар ичида тарқалган: “Эр-хотин олти ойдан ортиқ кўришмаса, ўз-ўзидан талоқ тушади”, деган гап асоссиз ва нотўғридир. Валлоҳу аълам.

ЎМИ фатво ҳайъати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan