“Эшик очувчи қизалоқ”

Бугун бу оиланинг тўйи бўлган кун. Бу кунни ўзгача нишонлаш мақсадида эр-хотин эрталабдан: “Бугун уйимизга ким келишидан қатъий назар эшик очмаймиз”, дея ўзаро аҳд қилишди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай эшик қўрғироғи чалинди. Дарвоза олдида эрнинг ота-онаси ва яқинлари турарди. Эр хотинига қараганча: “Келишувни бузмаймиз”, дея эшикни очмадилар. Афсуски, бу иши у учун бутун умр надомат бўлишини ҳали ҳануз англамаганди.

Кўп ўтмай яна эшик қўнғироғи жиринглади. Бу галги меҳмонлар эса, аёлнинг ота-онаси ва яқинлари эди. Шу пайт эр аёлига қараса, аёлнинг кўзи тўла ёш билан: “Aллоҳим! Нима қилиб қўйдик биз?! Ота-онамиз эшик қоқиб турса-ю,  биз ўз нодонлигимиз сабаб эшик очолмасак?!”, деб қилган ишига надомат қиларди. Бундан таъсирланган эр эшикни очаркан, бу воқеа умрбод унинг ёдида муҳрланиб қолди.

Орадан йиллар ўтди, Аллоҳ бу оилага тўрт ўғилдан кейин бир қизалоқни ато қилди. Хурсандчилиги ичига сиғмаган ота тўрт ўғилдан сўнг кўрган қизининг шукронасига кўп бора хайру эҳсонлар қиларди. Отанинг қизига кўрсатаётган иззат-икромидан таажжубланиб: “Одамлар ўғил кўрса ҳам бунчалик қилмайди, биргина қизга шунча эҳтиромнинг сабаби нимада?” деб сўрашди.

Ота ҳаётида бўлиб ўтган воқеани эслаганча: “Чунки бу қизалоғим бир кун мени эшик очиб кутиб олади”, дея жавоб берди.

Жалолиддин МАМАТҚУЛОВ,
Учкўприк тумани “Шоҳ Муқаддам” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan