Эътиборли бўлинг! Кимга эргашяпсиз?

Ислом маърифат ва маънавият дини, у инсонларни доимо яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб келган. Муқаддас динимизда мўмин-мусулмонларнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг бошқа дин вакиллари билан бўлган муносабатлари,  ҳайвонот олами, наботот (ўсимликлар) олами, жамодот (қаттиқ жисмлар, ер, сув, тоғу тошлар ва ҳоказо) олами билан муносабатлари аниқ баён қилинган. Ҳатто оилавий муносабатлардаги эр хотин, ота она ва фарзандлар ўртасидаги, устоз шогирд муносабатлари ҳам четда қолмаган. Хусусан, динига тааллуқли бўлган масалаларда кимларга эргашиш лозимлиги, қандай тоифаларга қўшилмаслик лозимлиги баён қилинган. Албатта, Қуръони карим ва пайғамбаримизнинг суннатларига ва ўз ичимиздан диний раҳбарларга эргашиш лозим. Лекин шуни теран ангаб етишимиз керакки, бугун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган бузғунчи оқимлар ҳам, ҳудди шундай демоқда. Қандай қилиб соф ақидамизни ажратиб оламиз?

Аввало, дунё таниган ва тан олган шахсларнинг ёзган китоблари, дисклардаги маърузалари… Масалан, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг юздан ортиқ китоблари ва овозли (видео ва аудио) асарлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ходимларнинг китоблари томонидан чоп этилган асарлар… Аслида холис ниятли киши учун шуларнинг ўзи кифоя, чунки марҳум шайх ҳазратларининг ўзлари юздан ортиқ китоб қолдириб кетдилар. Шуларни ўқиб, эшитиб амал қила олсак – катта ютуқ.

Лекин огоҳ бўлиш керакки, бугун ижтимоий тармоқларда ўзларини ҳар хил номлар билан атайдиган шахсларнинг тарқатаётган маърузалари қанчалик баландпарвоз сўзлар, “олийжаноб” чақириқлар бўлмасин, унинг остида динни ниқоб қилиб олган бузғунчи оқимларнинг иддаолари ётади. Оддий фиқҳий саволга тўғри жавоб бера олмаган нотайин одамга эргашиш инсонни залолат ботқоғига олиб бориши аниқ. Афсуски, бугун баъзи ёшларимиз “Telegram”, “Instagram”, “Youtube”  ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги тарқатилган материаллардан кўр-кўрона “фойдаланиб”, уни тушунмай тарқатиб, ўзларини жиноят кўчасига кириб қолганларини билмай қолмоқдалар. Қонун томонидан жиноят бўлса, шариат томонидан шариатда бўлмаган нарсаларни шариатдан деб,  ”балки ҳақ дин шу”  деб тарқатаётганларнинг гуноҳи қанча бўлади. Мазкур ижтимоий тармоқларда тарқатилаётгатган материалларга назар солсангиз, уларнинг аксари кимлардир ҳақидаги гаплар. Ғийбат ёки бўҳтон. Чунки бир одамни  ўзида бор нуқсони билан гапириш – ғийбат, унда йўқ сифат билан гапириш бўҳтон экани ҳаммага маълум-ку. Ғийбат ҳам бўҳтон ҳам катта гуноҳлардан саналиб, уни гапирган ҳам эшитган ҳам, гуноҳда баробардир. Шундай экан, маъруза эшитаман деб гуноҳи кабирага ботиб қолишдан сақланинг!  Ахир Яратган зот ғийбат қилувчиларни “Ўз биродарининг гўштини ўлик ҳолда ейдиганлар” қаторида санаган. Иймонли киши ўлимтикни ейиш у ёқда турсин, унинг ҳидидан ҳам бурнини беркитади, мабодо бирор жойига тегиб кетса, тезлик билан ювиб ташлайди. Аммо… ғийбату бўҳтонни сўзлаган тиллар ва оғизлар, эшитган қулоқларчи? Уларга қандай баҳо берамиз?!

Ҳа, муҳтарам азизлар! кимдан нима эшитаётганингизга ва кимга эргашаётганингизга янада диққат билан қаранг! Парвардигор сизу бизни бошқа жойлардаги диний ва дунёвий раҳбарларга эмас аввало Ўзига, Расулига ва ўзимиздан бўлган раҳбарларга итоат этишни амр қилган.

Абдумажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan