Фарғона вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

Бугун, 5 июль куни Фарғона вилоятида меҳнат қилаётган имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон Қодиров ўз ихтиёрига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Фарғона вилояти бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Абдуллаев Убайдуллоҳ Абдураҳмон ўғли – 1975 йил Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган.

Отаси Абдураҳмон Абдуллаев (1940-1997) Қўштепа туманидаги Сармазор масжидида (1989-1990), Марғилон шаҳар Жалойир (Робия ҳожи она) масжидида (1990-1996) имом-хатиблик, 1990-1994 йилларда эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби бўлиб ишлаган.

Абдуллаев Убайдулло 1990 йили ўрта мактабни тугатиб, косибчилик билан шуғулланади ва шу вақт мобайнида илк диний таълимни марҳум отаси Абдураҳмон домладан олади. 1994 йили эса Андижондаги Саййид Муҳиддин Махдум мадрасасига ўқишга кириб, 1998 йил мадрасани тамомлайди.

Шундан сўнг Марғилон шаҳридаги Қутайба ибн Муслим масжидида (1998-2014) имом-хатиб сифатида хизмат қилади.

2014 йилдан эса Хонақоҳ масжиди ва Марғилон шаҳар бош имом-хатиби сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Оилали, уч фарзанд – бир қиз ва икки ўғилнинг отаси.

Убайдуллоҳ домла Абдуллаевга ушбу масъулиятли вазифада Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Вакиллик матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan