Фарғонада таровеҳ файзи

Яқиндагина марҳабо дея қарши олганимиз, ўн икки ойнинг султони бўлган Рамазоннинг ҳам якун топишига  саноқли кунларигина қолди. Бу ойнинг фазилати ва баракотига эришиш истагида бўлган мўмин-мусулмонлар кундузлари рўзадор, кечалари эса таровеҳ намозларида муборак Каломнинг хатмига сомеъ бўлмоқдалар. Юртимизнинг барча гўшалари ҳам бу ойнинг баракотидан нурга тўлган, десак муболаға бўлмайди.

Айни вақтда Фарғона вилоятидаги 198 та масжидда таровеҳ намози, 189 та масжидда эса хатми Қуръонлар қилиб келинмоқда.

Моҳи шарифнинг ана шундай файзли кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров ҳамроҳлигида Олтиариқ туманидаги «Шоҳ Толиб» марказий масжидига ташриф буюрди. Таровеҳ намозига ташриф буюрганларни муборак ой билан табриклаб, бу ойнинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланиб қолиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби С.Қодиров ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқуловлар Тошлоқ тумани «Абу Ҳанифа» масжидида якунланган хатмонада ҳам иштирок этдилар. Абдулҳаким домла жамоатни хатмона билан муборакбод этар эканлар, хатми Қуръондан кейинги дуолар ижобат бўлиши, хатми Қуръон бўлган жойга – юртга Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлишини қайд этиб, хатмона сўнггида дуога қўл очилиб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ҳамда динимиз ривожи юксалишини сўраб Яратганга илтижолар қилинди.

Вакиллик матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan