Фарзанд тарбияси борасида яна мулоҳаза

Маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол ва айни пайтда бахтли бўлишини истайди ҳамда шу йўлда узлуксиз ҳаракат қилади. Жондан азиз фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш барча ота-оналарнинг энг улуғ ва энг муқаддас орзуси экани ҳаммамизга яхши аёндир.

Динимиз таълимотларида фарзанд ҳаётимиз мазмуни ва зийнати эканлиги, унинг тарбияси ва уни соғлом ҳамда баркамол бўлиб вояга етиши борасида жуда кўп йўл-йўриқлар, тавсия ва маслаҳатлар мавжуд.

Шуни унутмаслик керакки, бола энг аввало мустаҳкам ва аҳил оилада камол топади. Одамийлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, дину диёнатига ихлос ва садоқатли бўлиш каби олийжаноб фазилатлар айнан ушбу масканда шаклланади. Муқаддас динимиз таълимотларида бола тарбияси  бола таваллуд топишидан олдин ҳам, кейин ҳам аҳамият ва парваришга муҳтожлиги, айниқса, она сути билан озиқланиши қанчалик муҳимлиги алоҳида таъкидланган. Бу хусусда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилингар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш лозим. Чунки иймони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолий бундай деганлар: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

Демак, киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Бола маълум ёшга етгач, унга баъзи нарсаларни қабул қилдириш қийин кечади. Болаларни камситмаслик, уларнинг одоблиларини ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катталарнинг бола олдида ўзларини яхши, одобли тутишлари, сўкинмасликлари ва урушмасликлари жуда муҳимдир. Ота-она ўзлари одобсиз бўлишса, болаларини одобли қиламан деб уринишлари асло самара бермайди. “Кишининг дини дўстининг дини кабидир” ҳадисига мувофиқ, боланинг улфат ва дўстлари ким эканига алоҳида эътибор қаратиш керак.

Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда,  ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим.

Оилаларнинг ўзаро аҳиллиги, ота-она, эр-хотин ўртасидаги соғлом муҳит,  соғлом бола тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик керак. Айниқса, қиз болаларни тарбияси, уларга турмуш, оила масъулиятини ҳис қилдириш, келажакда миллат буюкларини тарбия қилувчи мураббиялар бўлиб етишига эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, ота-оналар ўзлари ман қилинган ишлардан қайтишлик билан фарзандларини гуноҳ ишлардан қайтариб, уларга ибрат ва намуна бўлишлари лозим.

Фарзандларнинг муносиб тарбияли бўлишида ота-оналарнинг фарзанд ҳаққига қиладиган дуонинг ўрни ҳам беқиёсдир. Чунки ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.  Ушбу ҳақиқатни ҳам ҳар бир ота-она яхши англаши керак.

Раҳматуллоҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Марғилон шаҳар «Робия ҳожи она» масжид имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan