Фарзандга гўзал тарбия бериш ҳам яхшиликдир

Киши ўзи яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриши мусулмонга хос фазилатдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. (Одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба, 71-оят).

Ҳаётда санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан бахраманд бўлиб юрганимиз Аллоҳнинг бизга мехрибонлиги, марҳаматидандир. Шуни яхши англаган ҳар бир мўмин ғанимат умри давомида баҳоли қудрат, имконият даражасида яхшилик қилишга шошилиши керак.

Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:

“Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир”, дедилар».

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: “Яхшилик – фарзу вожибларни қилиш, ҳаромдан ҳазар қилиш, одамларга очиқ юз ила қараб, уларга эҳсон қилиш”, дейилган.

Ёмонлик эса – кишининг фикрига келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.

Дарҳақиқат, мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.

Юсуф Хос Ҳожиб ўзларининг “Қутадғу билиг” – “Саодатга йўлловчи билим” асарларида инсоний фазилатлар, одамларни яхшиликка, яхшилик билан ном қолдиришга, юксак ахлоқ ва одобга эга бўлишга чақиради:

Ўзим ўлсам яхши отим қолса бас,
Қолиб мангу отим тирик бўлса бас.
Фақат яхшилик қил, тила яхшилик,
Номинг мангуликка яшаб юрса бас.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлар.

Ҳар бир ота-она ёки устоз мураббий фарзандининг иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериши лозим. Агар фарзандларга яхшилик ўргатилса, иймон-эътиқодли, оқил фарзанд бўлиб камол топади. Яхши амалларимиз охират сафаримизда бизга ҳамроҳ, Аллоҳнинг фазли-карами билан саодат топишимизга сабаб бўлади.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек:

Бу гулшан ичра йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур яхшилик била чиқса от.

Даврон НОРМАТОВ,
Ўзбекистон тумани “Оқ тепа” масжиди имом-ноиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan