Фарзандларнинг ота-она олдидаги бурч ва вазифалари

Бизни туғилиб, эс-хушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулқ сохиби бўлиб етишимизда, хуллас жамиятда муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк хиссаси борлигини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Роббингиз, ёлғиз унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун мехрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-хокисор бўл ва: “Роббим,мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (хақларига дуо қил!)” (Исро сураси, 23-24 оятлар).

Дархақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг меҳнати ва рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга етишимизда онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқислик қилади. Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан: “Менда отамнинг хаққи кўпми ёки онамнинг?” деб сўраганида, у зот уч мартагача “онангнинг хаққи” деб жавоб қайтарганлар ва тўртинчи марта сўраганида “отангнинг” деганлар.

Фарзандларнинг ота-оналари олдида шундай бурч ва вазифалари борки, уларга танимиз, тилимиз, дилимиз, молимиз билан хизмат қилиб ушбу бурч ва вазифамизни адо этмоғимз шартдур.

Тани вужудимиз билан хизматда бўлишимиз, аввало, уларнинг хизматларида хозиру нозир бўлиб туришимиз. Гуноҳ бўлмайдиган ишга буюрсалар, шу заҳоти сўзсиз бажо келтиришимиз. Ҳатто ҳажга ёки илм излаб кетаётан бўлсангиз ҳам уларнинг розилигисиз сафарга чиқманг. Уларни кўрганда ўринларимиздан туриб ва ўтирганганларидан кейин ўтириш. Уларнинг ҳузурида қовоқ солиб хўмрайиб ўтирмаслик, уларнинг номларини айтиб чақирмаслик, ҳазил ва мазах қилмаслик. Тилимиз билан хизмат қилишимиз ота-онамиз билан гаплашганимизда юмшоқ ва одоб билан гаплашишимиз. Заруратдан ортиқча сўзлашмаслик, гаплашаётганда сўзларини бўлиб юбормаслик, уларни сўзларини асло рад қилмаслик. Уларга дилимиз билан хизмат қилишимиз уларни дилдан дўст тутиб раҳм-шафқат кўрсатиш шодлик ғамлигида шерик бўлиш уларга озор бермасликни доимо дилимизда ният қилиб юришимиздир. Уларга молимиз билан хизмат қилишимиз, ўзимиз кийган нарсадан кийдиришимиз, оби таомларига эътибор қилиб туришимиз, бирга таомланганда овқатни лаззатли жойини уларга илинишимиз, бирор орзу ниятлари бўлса, уни барпо қилишга ҳаракат қилишимиз, ота-онамизни барча дунёвий эҳтиёжларини муҳайё этиб улар учун мол дунёмизни аямаслигимиздир.

Абу бурда ибн Абу Муъан ал-Ашъарийнинг айтишларича, Абдуллоҳ ибн Умар яманлик бир одам ўз онасини опичлаб олиб, хонаи каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам қуйидаги байтни оханг билан ўқирди:

Онаи зорим учун бўйнимни эгган теваман,
Тевага минган онам хорсалар ҳам мен чарчамам.

У шуни ўқиб туриб Абдуллоҳга қарадида: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан онамнинг хаққини адо қилолдимми”, деб сўради. “Йўқ бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас”, – деди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурч ва вазифаларимизни тўла адо этишимизни, ота-оналаримизни рози қилиб, Ўзининг ризолигига эришмоқлигимизни насиб этсин!

 

Бозорали ХОМИДОВ,
Қува тумани Қўшкечик масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan