Жаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Фитна қотилликдан ёмондир

Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари руёбга чиқишига тўғаноқ бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади. Фитна шуниси билан хатарлики, у келганда асл-моҳияти кўпчиликка ошкор бўлмайди, одамлар алданиб қоладилар. Зотан, луғавий жиҳатдан фитнанинг алдов, қутқу маънолари ҳам бор. Фитна келганда одамлар алданиб, нотўғри ташвиқотларга учиб қоладилар. Нуайм бин Ҳаммод “Китобул-фитан”да Хузайфа ибн Ямон ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан қуйидаги сўзларни ривоят қилади: “Фитна шундай нарсаки, келганда ўз моҳиятини одамларга ноаниқ қилиб келади. Фақат кетгандагина ўзининг асл башарасини кўрсатади”. Одамлар сўрашди: “У ҳолда унинг келиши қандоғу кетиши қандоқ бўлади?” Хузайфа жавоб бердилар: “Келиши қиличнинг яланғочланишидир, кетиши қиличнинг қинга солинишидир”.

Ушбу сўзлар фитнанинг асл моҳиятини янада равшанроқ очиб беради. Демак, фитна келган пайтда кўп одамлар унинг моҳиятига етолмас экан. Унинг келиши “қиличнинг яланғочланиши”, яъни парокандалик, қирғинбарот урушлар пайдо бўлишида акс этади. Кетиши эса, “қиличнинг қинга солиниши”, яъни урушлар барҳам топиб, яна тинчлик хукмрон бўлишида кўринар экан. Бундан келиб чиқадики, фитна келганда унинг ортида турган нарсани яхши билолмаса ҳам оқил киши у туфайли уруш ва тўполонлар содир бўлаётганлигидан фитна нима эканлигини билиб олиши ва ўзини ундан йироқ тутиши лозимдир. Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз, икки буюк саҳобий томонидан фитнанинг асл моҳиятини очиб бериш учун айтилган мазкур сўзларнинг нақадар хақлигига тан бермай иложингиз йўқ. Чиндан ҳам фитналар келганда кўпчилик учун унинг асл моҳияти ноаниқ бўлади. “Ислоҳ”, “жиҳод”, “Исломий давлат қуриш” каби ялтироқ шиорлар ва баландпарвоз мақсадлар қиёфасидаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетмади. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда дарров “фалончи олим бундай деди, пистончи олим ундай деяпти”, деган сўзлар билан фитнани оқламоқчи ҳам бўладилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар хақида огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ривояти).

Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмокда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, мусулмонларни дин душманларининг яна бир катта фитнасидан огоҳлантиришга тўғри келади. Кўплаб ҳадиси шарифларда фитнага тушиб қолишдан огоҳлантирилади, унга аралашмаслик, фитнадан узоқ бўлишга чақирилади. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган (унга қараб) югургандан яхшидир. Ким унга қизиқиб интилса, уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутиладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)”. Бу ҳадиси шариф орқали Набий алайҳиссалом фитна ниҳоятда хатарлилигини баён қилар эканлар, у ўзига талпинган, қизиқиб қараган ҳар қандай инсонни ўз домига тортиб, ҳалок этишидан огоҳлантирадилар. Шу боис ҳам ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фитна юзага келганда ўтирган тургандан, турган юргандан, юрган югургандан яхши дедилар.

Бу билан инсон фитнадан қанча узоқ бўлса, шунча яхши экани айтилмоқчи. Шунингдек, мазкур ўхшатишлардан фитна ишининг ривож топишида кимнинг ҳиссаси каттароқ бўлса, ўша инсон ҳаммадан кўпроқ зарар кўриши, гуноҳга ботиши, кимнинг ҳиссаси камроқ бўлса, камроқ гуноҳ орттиришини тушуниш ҳам мумкин. Бу ҳолда “ўтирган тургандан яхши, турган юргандан яхши” деган сўзлардаги “яхшилик” нисбий ва мажозий маънода қабул қилинади. Демак, фитнага қараб югурган ёҳуд фитна уруғини сочишда фаол бўлиб, югуриб-елган инсон фитнадан энг кўп зарар кўрар экан.

Хулоса қилиб айтганда, фитнага яқиндан ё узоқдан аралашган ҳар қандай инсон, албатта қандайдир зарар кўриб, гуноҳкор бўлар экан. Ва ниҳоят ҳадиси шарифда таъкидланганидек, “Ким ундан қочиб қутиладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин”. Демак, динимиз таълимотлари фитнадан имкон қадар узоқ бўлишга, унга умуман аралашмасликка чақиради. Одамлар ўртасида иғво тарқатиш, фитна чиқариш ва жамиятда адоват қўзғаш динимизда ҳаром қилинган катта гуноҳ ҳисобланади.

“Бақара” сурасининг 191 оятида шундай келади: “Фитна қотилликдан ёмондир”. Фитнакорларнинг ҳаракатлари, ёлғон-яшиқлари, бўхтонлари ҳар биримизни ҳар доим огоҳ ва хушёр тутмоғи, айниқса фарзандларимизга бу борада солиҳ амаллар ила сабоқ бермоғимиз керак.

Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин. Юртимиз ва бутун дунёда бўлиб турган бу балони, касалликни кўтарсин! Халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!

Аҳмаджон ТУРСУНОВ,
Қува тумани “Абу Ҳанифа” масжид имом-ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close