Фитначилар ва уларнинг фитнасидан огоҳ бўлинг!

Жаннатга аввал кирувчиларнинг қалблари қушларнинг қалбига ўхшашдир. Ўхшашликларнинг асосийларидан бири ҳушёр, зийрак ва огоҳликдадир. Чунки қушлар ўзига келаётган хавф-хатардан энг огоҳ жонзотдир. Бинобарин, мўмин-мусулмонлар ҳам ўзларининг соғлом эътиқодларига, Яратган Аллоҳ улуғ неъмат қилиб берган масканларини обод қилиб ҳамжиҳатликда яшашларида ҳар қандай бузғунчи фирқалар ва нафс шайтоннинг макр хийлаларидан жуда-жуда ҳушёр ва огоҳ бўлишлари лозимдир. Ҳақиқатда ҳам соғлом эътиқодда яшаб, турли хил фирқаларга қўшилмасдан ва ҳар қандай хавф-хатардан огоҳ бўлиб яшаганлар юқорида айтилганидек жаннатга аввал кирувчилардан бўлишар экан.

Инсон бу дунёда яшар экан, ўз туғилиб ўсган юртини авайлаб асраши, унинг тинчлиги, равнақи йўлида қандай касб эгаси бўлмасин, жонкуярлик билан ҳаракат қилмоғи, тинчликни асрашга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Шу билан бир қаторда турли хил фитналардан эҳтиёт бўлмоғи ва жамиятга зарар етказадиган нарсаларга бепарво бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони карим Нур сурасининг 19- оятида фитначилар ва бузғунчиларни қандай азоб кутаётганлиги хақида марҳамат қилиб айтадики: “Албатта, иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам фитналардан огоҳлантириб бундай деганлар. «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар.

Ривоятларда келадики, бир чекка қишлоқни айланиб юрган шайтоннинг кўзи бир манзарага тушди ва ўша ҳовли рўпарасида тўхтади. Сўнг дарахтга суянганча  бузоғи қозиққа боғланган сигирни соғаётган келинчакни томоша қила бошлади. Бу ҳолатни узоқ кузатиб шайтон бориб, бузоқнинг қозиққа боғланган ипини салгина бўшатди. Онасининг сутини пақирга соғиб олаётганини кузатиб турган бузоқча очликка чидолмай тортина-тортина қозиқдаги ипни ечиб ва шаталоқ отганча югуриб бориб, пақирдаги сутни тўкди. Соғилган сут исроф бўлганидан жахли чиққан келинчак ортида турган хода билан бузоқни бир туширган эди, бузоқ ерга йиқилди. Боласининг калтакланганига чидолмаган сигир келинчакни сузиб ўлдирди. Узоқдан ўтаётиб нохуш воқеага гувох бўлган қайнота уйдан милтиқ олиб чиқиб, сигирни отди. Милтиқ овозини эшитиб ташқарига чиққан куёв бола нарида ётган жуфти халолининг жонсиз танаси ва қўлида милтиқ кўтариб турган отасига дуч келди. У отасидан милтиқни тортиб олиб отасини нишогна олди. Бир оздан сўнг нима бўлганини тушуниб етган ўғил ўз жонига қасд қилди. Буларнинг барчасини бир чеккада кузатиб турган шайтон “бузоқнинг ипини бўшатишдан бошқа иш қилмаган бўлсам-да, бу фалокатниям менга тўнкашади” деди пинагини ҳам бузмай.

Демакки, ҳар қандай фитна чиқарувчилар шайтоннинг амалини қилишган бўлади. Фитнани чиқариб қўйиб ўзлари четта кузатиб туришади. Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ходисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, фитналардан эҳтиёт бўлиш, она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ҳушёрлик ва жон куярликда ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Абдуллахўжа КАРИМОВ,
Учкўприк тумани Кушки туркон масжиди имомхатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan