Фолбинлар ростгўйми ёҳуд алдамчи?

Ақидамизга кўра инсон тақдири, келаждакда бўлиши мумкин бўлган ёки мумкин бўлмаган сирлар фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум. Бандаларнинг бошига келадиган яхшилик ёки ёмонлик фақатгина Яратганнинг хоҳиши билан содир бўлади. Одамлар орасида қадимда ҳам инсон тақдирини ўзгартириш, ажалини тезлатиш ёки секинлаштириш, ишларини юргизиш, иситиш-совутиш, йўқолган нарсасини топиб беришни даъво қилувчилар бўлган. Халқ орасида бу каби ишлар билан шуғулланиб келувчиларни коҳин, фолбин, арроф, бахши, азайимхонлар каби турли номлар билан атаб келинган ва ҳозирда ҳам мавжуддир. Айниқса, фолбин ва бахшилар ҳаммасидан ҳам “машҳур” десак тўғри бўлади.

Динимиз таълимотларида бандалар дунё ҳаётида турли йўллар билан имтиҳон қилиниб, Аллоҳ таоло бандасини синаш учун бойлик ёки камбағаллик, беморлик ёки саломатлик, омад ёйинки қийинчилик бериб кўради. Агар банда берилган соғлик, омонлик, тинчлик, мол-у дунёга шукур қилиб, ундан унумли фойдаланса, бойлигини савобли ишларга сарфласа, Яратганнинг розилигига эришади. Агар бошига тушган мусибатларда сабрсизлик қилса, тушкинликка тушиб, фолбинларга борса, ундан ҳожатини раво бўлишини умид қилса, оғир гуноҳ қилган бўлади, натижада икки дунё азоб-уқубатда қолади.

Муборак ҳадисларда таъкидланишича: “Қайси бир мусулмон фолбинга борса-ю, унга ишонмаса, қирқ кунлик ибодатлари, солиҳ амаллари бекор бўлади. Борди-ю ишониб уни тасдиқласа, кофир бўлади”, – дейилган.

Баъзи одамлар ишонмаймиз-у, барибир бир бориб кўраверайликчи, – деб фолбин ҳузурига боради. Натижада ўзи сезмаган ҳолда боғланиб қолади, чунки фолбинлар ўзининг “қабули”га келган одамларни тинглаб, унга қандай фириб қилишни яхши билади. Мазкур ҳадиси шариф ҳам айнан шуни очиқ-ойдин баён этмоқда.

Фолбинларнинг юзтадан битта гапи тасодифан тўғри чиқиб қолиши мумкин. Тасодифий тўғри чиққан гапини фолбиннинг ўзи ҳам одамлар ҳам такрор-такрор гапириб юрадилар. Бу эса уни эшитган одамларни фолбинга қатнашларига сабаб бўлади. Бундайин ҳатти-ҳаракатлар фолбинга айни муддао, пул топишнинг осон йўли сифатида хизмат қилади.

Фолбин олдига келган одамларга йўлингиз боғланиб қолган, кўчангиз, қўни-қўшниларингиз орасида ёки иш жойингизда кимдир душман экан, банд қилишибди, парилар ёпишибди, буни тозалаш – зиённи кетказиш учун учун жонлиқ сўйиб гўштини олиб келасиз, шунча пул берасиз каби ёлғонларни гапиради. Фолбинлар таъсирида одамлар орасида бир-биридан гумон қилиш, эр-хотин, кўни-қўшнилар орасида бир-бирига адоватлар пайдо бўлади. Ҳатто тинч оилаларни бузилиб кетиши, айримларнинг ўз жонига қасд қилишларига ҳам шу ишлар сабаб бўлаётгани ҳам аччиқ бўлса ҳақиқат.

Жамиятни қайғуга солаётган оилавий ажримларнинг кўпайиши, ўғрилик, бировнинг жонига қасд қилиш, ака-ука, опа-сингиллар ҳамда қўни-қўшниларнинг бир-бири билан жанжаллашиши замирида ҳам, таъбир жоиз бўлса, бугун тилида иймон калимаси бонг уриб турган айрим мусулмон кишиларнинг худди шу “касб” билан шуғулланиши сабаб бўлаётгани, агар бу иллатнинг олди олинмаса, вақти келиб “касбига фидоий кимсаларнинг хизматлари” (бу албатта ўзларининг хомҳаёллари) бутун жамият илдизига болта уриши турган гап.

Қалбимизда иймон барқ урар, томиримизда шу тупроқ қони оқиб турар, ақлимиз эса тафаккурдан тўхтаб қолмас экан, Ватанимиз – иймонимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик! Унинг келажагига таҳдид солувчи ҳар қандай иллатга қарши курашда фидоий бўлайлик!

Абдулазиз ИСАХОНОВ,
Қува тумани “Имом Муслим” масжиди имом хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan