Ҳадисларда жиноятни олдини олишга қаратилган эътибор

Аллоҳ беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, шундай тинч-осойишта ва имкониятлари кенг Ватанда ҳаёт кечирмоқдамиз. Қисқа вақт оралиғида юртимизни дунё таниди. Бунинг барчаси юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ва Роббимизнинг бераётган баракаси туфайлидир. Аллоҳ таоло инсониятга қандай неъмат берган бўлса, барчасининг ҳисобини сўраши муборак китобларимизда баён қилинган.

Албатта, ислоҳотлар жамиятдаги маълум камчиликларга барҳам бериш, адолат ўрнатиш учун ўтказилади. Натижада жамиятда ҳар жиҳатдан соғлом муҳит пайдо бўла бошлайди. Ҳозирги яшаб турган жамиятимизда ютуқлар билан бир қаторда кўплаб турли камчиликлар мавжуд эканини ҳам инкор қилмаслигимиз керак. Бу камчилик, нуқсонларни бартараф қилиш учун аҳоли орасида кўплаб тарғибот-тушунтириш, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда ва сезиларли ижобий натижалар ҳам кўзга ташланмоқда.

Яна шундай бир восита борки, агар инсон унга амал қилишда маҳкам бўлса, жамият ўз-ўзидан салоҳиятли томонга ўзгариб боради. Бу восита суннати набавийдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган барча ҳадисларнинг моҳияти, аввало, жамиятни яхши томонга ўзгартиришдир. Бир ҳадис мисолида буни кўриб чиқсак.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менга ўз нафсларингиз ҳақидан олтита нарсага кафиллик беринг, мен ҳам сизларга жаннат кафолатини бераман: сўзлаганингизда ростини сўзланг, ваъдага вафо қилинг, омонатни адо этинг, жинсий аъзоларингизни ҳаромдан сақланг, кўзингизни (ҳаромга қарашдан) сақланг ва қўлларингизни тийинг” (Байҳақий ривояти).

Эътибор берилса, бу ҳадисда сақланишлик маъносида санаб ўтилган амаллар ҳар қандай ўзини маданиятли, намунали деб ҳисоблайдиган жамиятда ҳам қўллаб-қувватланади.

Жамият ҳар жиҳатдан соғлом бўлиши инсон ўзини ислоҳ қилишига ҳам боғлиқ. Мазкур ҳадисни ҳаётга тадбиқ қилиниши билан яшаб турган жамиятида кузатилаётган фирибгарлик, товламачилик, омонатга хиёнат, фаҳш ишлар, ўғрилик ва бошқа шу каби бузуқликларни ислоҳ қилишлиги мумкин бўлади.         Демак, биз инсонларга соф суннатдаги амалларини етказсак ёки ўз ҳаётимизга тадбиқ қилиб намуна бўлсак, жамиятимизда ҳозирда муаммоли вазият дея таъкидланаётган ҳолатлардан аста-секин қутилиб, маданий-ахлоқий, инсоний жиҳатдан ижобий натижалар кўрсаткичларини янада юқори кўтарган бўлар эдик.

Нодирбек НИШОНОВ,

Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan