«Ҳаж» ва «Умра» йўналишида кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

Вазирлар Маҳкамасининг фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда ушбу йўналишда бозор механизмларини жорий этиш мақсадида фармойиши қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларининг ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда ушбу йўналишда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ таркиби;

“Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини юқори савияда ва тизимли ташкил этиш хамда ушбу йўналишда бозор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Ишчи гуруҳга:

Саудия Арабистони қироллигига жорий йил 7-10 март кунлари хизмат сафарини амалга ошириш;

“Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини ташкил этиш механизмлари ва бозорларини ўрганиш;

зиёратчиларга хизмат кўрсатиш бўйича юқори ва кўп йиллик тажрибага эга туризм компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказиш;

Саудия Арабистони қироллигида “Ҳаж” зиёратларини ташкил этувчи маҳаллий туризм компанияларининг хизмат кўрсатиш бўйича энг мақбул таклифларини танлаш, бунда хизмат кўрсатувчи компания томонидан тақдим этилаётган меҳмонхона, транспорт, овқатланиш ва бошқа хизматларнинг сифатига, шу жумладан яратилган қўшимча шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратиш;

2020 йилдан бошлаб 2000 нафардан ортиқ зиёратчиларга “Умра” сафарини ташкил этган, онлайн платформада ташкил этилган ресурслардаги зиёратчиларнинг ижобий хулосаларига эга бўлган туризм фаолияти субъектларига “Ҳаж” тадбирларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Белгиланишича, Ишчи гуруҳнинг хизмат сафари билан боғлиқ харажатлари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади, сўнгра тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ҳақиқий харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира фондидан туризм жамғармасига қоплаб берилади.

Ташки ишлар вазирлиги Саудия Арабистони қироллигининг “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини амалга ошириш бўйича масъул давлат ташкилотлари ҳамда зиёратларни ташкил этиш фаолияти билан шуғулланадиган компанияларнинг вакиллари билан музокаралар олиб бориш ишлари ташкил этилишини таъминлайди.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларининг ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда ушбу йўналишда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ таркиби

1. А. Абдуҳакимов – Ўзбекистон Республикасининг бош вазири ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари;

2. А. Жўрабоев – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари. ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;

3. Ж. Акрамов – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси;

4. А. Закиров – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти бош мутахассиси

5. У. Алимов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси

6. Муҳаммад Юсуф Исмоил Муҳаммад Содиқ – “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбаа корхонаси раиси

Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.

Манба: KUN.UZ

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan