Ҳалокатга етакловчи уч амалдан огоҳ бўлинг!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз рози бўлади. Аммо “деди-деди деб беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз сиздан норози бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳамда у Зотни норози бўлишига сабаб бўлган уч амални зикр қилмоқдалар.

Аллоҳ рози бўладиган амаллар шундайки, у амалларни қилинишлиги Аллоҳ таолони хурсанд бўлишлигига ва уларни бажарган кишидан ҳам Аллоҳ таоло  рози бўлишлигига сабабчи бўлади.

1. Холис ибодат қилиш. Яъни, ҳар бир амалини фақат Аллоҳнинг розилиги учун, риё ва сумъадан холи ҳолатда ихлос ҳамда соф ният ила бажариш. Ушбу қилган амали учун инсонлардан мақтов ва раҳмат кутмаслик, улардан таъма қилмаслик. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “ Мен шериклардан беҳожатман ва Менга бошқани шерик қилинган амалдан ҳам беҳожатман. Сўнг Менга бошқани шерик қилиб амал этган кимсадан ҳам безорман” (Имом Муслим ва Ибн Можа).

Аллоҳ Ўзининг каломида айтади: “ Сен: “Албатта менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонларданман”, деб айт” (Анъом, 162163 оят).

2. Исломни жамоат билан биргаликда маҳкам ушлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг қудрати ва нусрати жамоат тепасидадир! Бас, саводи аъзамга (яъни, энг улуғ жамоага) эргашинг”. Шунда саҳобалар “саводи аъзам”нинг кимлигини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар мен ва саҳобаларим тепасида бўлган эътиқоддаги кимсалардир. Ким Аллоҳнинг дини борасида тортишмаса, тавҳид аҳлидан бўлган кимсани мағфират қилинадиган гуноҳ сабабли кофирга чиқармаса – ана ўшалардир!”, дедилар (Имом Ҳоким, Табароний).

Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади”, деганлар (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларни масжидда жамоат билан ўқишликка қаттиқ тарғиб қилардилар. Кишиларни ўзаро меҳр-оқибатини кучайтириш учун, ўзаро бирдамликка чақириш учун жамоатнинг ўрни муҳим аҳамият касб этганлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда жамоат бўлиб ўқилган намоз учун йигирма етти даража ортиқ савоб ваъда қилганлар. Буларнинг  барчаси инсонларни залолат кўчасига кириб қолишларини олдини олиш учун қилинган тарғиботлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “ Мени умматларим залолатда бирлашмайди”, деганлар.

3. Фирқаларга бўлинмаслик. Аллоҳ ва Унинг Расули биздан талаб қилган амаллардан бири бу тафриқага тушмаслик, фирқаланиб, бесабаб бўлиниб, мусулмонларнинг иттифоқлиги ва бирдамлигига раҳна солмасликдир. Чунки Ислом дини мусулмонларни ҳамиша якдилликка ва иттифоқликка чақириб келган. Ушбу ҳамжиҳатликка путур етказадиган ҳар қандай амал динимизда қаттиқ қоралангандир. Аллоҳ таоло айтади: Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли имрон, 103 оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларини бир амалга буюрмоқда ва бир амалдан қайтармоқда. Аслида оятдаги “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръон) маҳкам тутинг..” деган сўзининг ўзи инсонларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка чақириш учун кифоя эди. Лекин Аллоҳ таоло оятнинг давомида таъкидлаб, “фирқаларга бўлинманг” дея таъкидлаб, қатъий ҳукм билан тафриқага тушишдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар: “Бу динни лозим тутинглар, фирқаларга бўлинманглар, Аллоҳни зикр қилинглар(Имом Ҳоким ривояти).

Кимки шу зикр қилинган уч амалдан сақланса, Аллоҳ таоло шу бандасидан рози бўлади. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло рози бўлган киши икки дунёда ҳам саодатли бўлади.

Аллоҳ таолони норози қиладиган уч амал:

1. “Деди-деди” деб беҳуда гапни кўпайтириш. Инсонларни тафриқаланишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўладиган, қалбига хафалик киритадиган ҳар хил ғийбат, бўхтон, чақимчилик ва ёлғон каби беҳуда гап-сўзларни гапириш, асоссиз уйдурма миш-мишларни тарқатишдир. Динимиз бу каби хунук иллатларни ва беҳуда ҳамда фойдасиз гапларни гапиришни қаттиқ қоралайди. Чунки инсон боласининг ҳар бир гапирган гапи унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жудаям кўп ҳадисларида тилни сақлашга қаттиқ тарғиб қилганлар. Улуғ саҳобалардан бири бўлган Муоз ибн Жабал (р.а.)га қилган насиҳатларида у кишига беш фарзни буюргандан сўнг шундай дедилар: “Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?”. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.): “ Ҳа, эй Расулуллоҳ”, дедилар. Бас, у зот тилларини ушлаб, “Сен мана буни тийгин”, дедилар. Муоз (р.а.): “Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?” деганларида у зот: Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилиши фақат тиллари сабабидандир”, дедилар (Имом Термизий ривоят).

2. Кўп савол бериш. Аслида Ислом дини бизни доимо илм олишга, билмаганларимизни сўраб ўрганишга буюради. Аллоҳ таоло айтади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Анбиё, 7 оят). Шунга кўра киши қилаётган амалининг тўғри ва енгил бўлиши учун, унга мукофот олишга бўлган ишончи хомҳаёлга айланмаслиги учун зарур бўлган илмларни ўрганиши, бу илм йўлида савол бериши зарур ва яхши одатдир.

Бироқ, гоҳида шундай кишиларни учратамизки, улар савол бериш билан ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганишни эмас, балки инсонлар орасида ихтилоф, фитна, ўзаро низо ва ноқулайликларни чиқаришни хоҳлайди. Бераётган саволи орқали инсонларга машаққат туғдириб қўяди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ва у зот ёмон кўрган савол тури айнан мана шудир. Қолаверса, Аллоҳ таоло беҳуда савол беришнинг оқибатини Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом қиссасидаги сигир воқеаси орқали баён қилиб берган.

Уламоларимиз саволни бир неча қисмларга бўлганлар: 1) Фарз бўлган савол. Яъни, бирор нарсани билиш учун берилган савол; 2) Мандуб бўлган савол. Яъни, ўзи билган ҳолатда ҳам, атрофдаги кишиларга фойдали бир масалани билдириш мақсадида берилган савол; 3) Ҳаром бўлган савол. Бунга мисол, бирор кишини илмини синашлик учун берилган савол, ўзини билимдон кўрсатиб, талашиб тортишиш учун берилган савол, мусулмонларга қийинчилик туғилишига сабаб бўладиган савол ҳамда Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум қилиб қўйган илмлар ҳақида билиш учун берилган савол кабилардир. Бундай ҳолатда инсон фақат ўзи ва мусулмонларнинг бирор фойдали нарсани билишлари ҳамда унга амал қилишлари учун сўраган саволигагина ажр олади. Қолган холатларда эса нияти тўғри бўлмаганлиги сабабли гуноҳкор бўлади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Одамларнинг энг ёмони оғир масалаларни ушлаб олиб Аллоҳнинг бандаларига ғалва орттирувчи кишидир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “ Фитна ухлаб ётгувчи нарсадир. Уни уйғотган одамга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмонлар олдида энг катта гуноҳ қилган киши, мусулмонларга ҳаром бўлмаган бир ишни ўз саволи сабабли ҳаромга айлантирган кишидир” (Имом Муслим ривояти).

3. Мол дунёни беҳудага сарфлаш. Бу ҳам Аллоҳ таолони норози қиладиган ҳаром амаллардан биридир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб дунёлар бериб, уларни имтиҳон қилади. Аслида Аллоҳ ҳамма бандаларини бой қилиб қўйишга қодир Зот. Лекин, бандаларини сабрларини ва шукрларини синаш учун уларнинг ризқларини ҳар хил қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло кимга мол дунё берган бўлса, ана шу бойлигини хайрли ва ҳалол ишларга, инсонларга фойдаси тегадиган амалларга сарфлашга буюради. Уларни мол дунёларини ҳаром ва исрофга сарфлашдан қаттиқ қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг каломида айтади: “Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф,31 оят).

Бошқа бир оятида эса: “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро, 2627 оят) дея марҳамат қилгандир.

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир муборак ҳадисларида қиёмат куни инсон молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳисобини бермагунича қадами ўз жойидан қимирламаслигини айтганлар.

Мана шу зикр қилинган уч амални бажарган кишидан Аллоҳ таоло норози бўлади. Аллоҳ кимдан норози бўлса, унга ғазаб қилади. “Кимнинг бошига  ғазабим тушса, батаҳқиқ, ҳалок бўлибди(Тоҳа, 81 оят).

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган амалларни бажаришга муваффақ қилсин ҳамда У Зотни норози қиладиган амалларни қилишликдан саломат сақласин.

Ёрбек Исломов,

Учкўприк тумани “Шоҳ муқаддам” масжиди ноиб имоми

 БИЗНИ «YOUTUBE» КАНАЛИМИЗ ОРҚАЛИ КУЗАТИБ БОРИНГ!!!

Тавсия этамиз

Leave a Comment