ДолзарбМақолаларМусулмоннинг одоби

Ҳамма шундай қиляптику…

Баъзи бир кишиларга қилаётган айбли бирор ишини нотўғри эканлигини айтилса, у киши: “Ҳамма шундай қиляптику?”, “Ҳамма шундай гапиряптику?” қабилидаги жавобларни эшитиб қоламиз.

Аллоҳ таоло ўзини каломида: “Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Улар (далил-ҳужжатсиз, ўзлари ўйлаб топган) таҳмин қилурлар холос” (Анъом сураси, 116-оят).

Юсуф сурасининг 103-оятда эса: “Инсонларнинг кўплари, агарчи сен қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар”. Бошқа оятларда ҳам аксар инсонларнинг ақл юритмасликлари, тафаккур қилмасликлари ва билимсиз эканликлари ҳақида маълумотлар келади.

Мазкур оятлардан одамларнинг кўпчилиги қилаётган ишларининг ҳаммасини ҳам тўғри деб эргашиб кетавермасликлари, балки эргашишдан олдин тафаккур қилиши ёки биладиган билимли одамлардан сўраш кераклиги келиб чиқади.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Ҳидоят йўлига эргашгин, ҳидоятда кишиларнинг озчилик бўлишини сенга зарари йўқдир, аммо залолат йўлидан сақлангин, залолатдаги кишиларнинг кўп сонли бўлишлигини ҳам сени алдаб қўймасин”, деганлар.

Ибн Абу Шайба ўзларининг “Мусаннаф” номли китобларида, Абдуллоҳ ибн Аҳмад отасининг “Зуҳд” китобида бир ривоятни келтирадилар. Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозорда бир кишининг олдидан ўтиб кетаётсалар, у “Эй Аллоҳ! Мени оз сонли бандаларингдан қилгин!” дея дуо қилаётган экан. Ҳазрати Умар: “Эй биродар, бу дуони қаердан олдинг?” деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “Аллоҳ каломида, “Шукр қилгучи бандаларим оздир” демаганми?”, деди ҳазрати Умарга. У зот розияллоҳу анҳу: “Одамлар Умардан кўра олимроқдир” дея йиғлаб: “Эй Аллоҳим! Мени ҳам оз сонли бандаларингдан қилгин!” деб дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни шукр қилувчи – оз сонли бандаларидан қилсин!

Сайдулло РАҲМОНОВ,
Марғилон шаҳар “Галатой” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close