“Ҳар ким экканин ўрар”

Меҳрибон Аллоҳ бу дунёни жуда зебо қилиб яратар экан, бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ биз инсонни ерда яшашлигимизни ва ердан ризқланишимизни  ирода этди. Эркак ва аёлни жуфт-жуфт бўлиб зурриёти давом этишини ирода этди. Агар фақат эркак ёки фақат аёл яшаса, инсон зурриёти давом этмас эди.

Жамиятни бир бўлаги бўлган оилани мустаҳкам бўлиши барча учун муҳимдир. Меҳрибон Роббимиз бу гўзал дунёда қандай яшасак ҳаётимиз фаровон ва осойишта бўлишини ҳам ўргатган. Муқаддас Қуръони каримда бир неча жойларида эр-хотиннинг бир-бирларидаги ҳақлари ва бурч-вазифаларини ҳам баён қилган, ҳатто бир сурани “Аёллар” сураси деб номлади. Бу сурада никоҳ эгалари учун етарлича маълумотлар берди. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳадиси шарифларида оилани тартиб интизоми ҳақида баён қилганлар. Жумладан, “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшилик қилганингиздир ва мен эса аҳлимга яхшилик қилувчироқман” каби ҳадисларини жуда кўп ўқиганмиз ва эшитганмиз.

Бир кекса “чолу-кампир” қариндошлари тарафидан тўйга таклиф қилинади. Кеч бўлганда бирлари бошқа хонадонда қолиб, иккинчилари эса бошқа хонадонда дам оладиган бўлганларида “чолу-кампир”: “Эрталаб кўришгунимизча ёки кўришмасак бир-биримиздан рози бўлайлик-а…” дея розилик сўрашлари атрофдагиларни ҳайратга солади. Бу кекса “чолу-кампир”лар бу розиликни бошқалар кўрсин учун айтишмади, балки камоли ҳаётлари аҳл-иноқ ва рози қилиб ўтганлигидан  далолатдир.

Оилада садоқат ҳукм суриши хонадонга катта барака ва яхшиликларни ёғилиб келишига ва турли келишмовчиликлардан омонда бўлишга олиб келади. Ахир оила раҳбари эркак кишининг ҳалол меҳнати эвазига топган маблағида барча оила аъзоларни ҳаққи бор. Уни уйида баҳам кўрса барака бўлади, боди-ю ўз нафсига сарфлаб юборса, қайсидир маънода оиласига хиёнат қилган бўлади. Турмуш ўртоғига хиёнат қилиб турли фаҳш ишларни қилиб юрган  кишини гапириш у ёқда турсин, инсон деб аташга ҳам уяласан киши…

Баъзи хонадонга  янги келин келганда  хизматларига нисбатан  камчиликлари кўпроқ кўрина бошлайди. Шунда қайнота ва қайнона нима қилиши керак? Устозларни таълимлари шундайки, ўзларини янги оила қурган ёшликларини эсласинлар, ҳеч ким ҳамма нарсани билиб дунёга келмайди, балки ҳаёт жараёнида аста-секин камчиликларини тўлдириб боради. Бир киши мутахассислиги бўйича диплом эгаси бўлса-да, корхонага келиб бир тажрибали кишига шогирд бўлиб иш ўрганади ва тажрибаси ортиб бораверади. Оилада ҳам шундай, келин билмаганларини қайнона ўргатади ва камчиликларини тузатади.

Яқинда бир отахондан эшитиб қолдим, “кампири ҳа деса келинларини койийвераркан. Шунда отахон: “Ўзингни ёшлигингни эсла, тандирга нон ёпсанг қанчаси куйиб кетарди, яна қанчаси пишмай қоларди. Ёки овқат қилсанг, баъзида тузи паст бўлса, баъзида ортиб кетарди…” дея аёлимга ёшлигини эслатиб бироз бўлсада уни “пасайтираман” дейдилар. Қанийди, ҳамма оталар ҳам келинини айблашдан олдин аёлига шундай “эслатмалар” берганида… Анчайин оилалар бузилиб кетмаган бўлармиди..?

Масаланинг иккинчи томони эса келин-куёв яқинда қайнота ва қайнона бўлишларини кўз олдиларига келтириб, ота-оналарига жеркиб гапириш ва турли қўпол ҳатти-ҳаракатларидан ўзларини тийишлари керак. Чунки бу дунёни “қайтар дунё ёки эканинг ўрасанг” дейдилар. Фарзандлар ва келинларидан қайтиб қолишидан қўрқсинлар.

Халқимизда “куёвларни пайғамбарлар сийлаган” деган нақл бор. Хақиқатдан ҳам шундай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам куёвларини ҳам қизларини ҳам ҳурмат қилганлар ва чиройли тарбия берганлар. Қиз бола турмушга чиққунига қадар ота-онаси нафақа билан таъминлайди ва тарбия қилиб боради. Аммо турмушга узатгандан кейин нафақа, тарбия ва барча масъулиятлар эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Рўзғорда эркак подшоҳ ва аёл вазир дейилади. Ҳар бир ишларини бамаслаҳат қилади ва рўзғорнинг моддий таъминотига аёл ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Замонамизнинг баъзи бир йигитлари ҳақида эшитиб қоламиз: аёли касал бўлиб қолса, отасининг уйига олиб бориб ташлайди, отаси даволатиб қўйгандан кейин яна олиб келиб яшайди. Бу ишни қайси виждонли эр олқишлайди? Уйда даволанишга шароит бўлмаса, дори-дармон ва бошқа заруратларини олиб хабар олиб турса, бу бошқа гап.

Шуни ҳам эслатиш лозимки, аёл киши бирор жойга бормоқчи бўлса эридан рухсат сўраш керак, рухсат берса боради бўлмаса йўқ. Бир куни устозимиз хонадонларига куёвлари келди. (Ташқи ховлида) бирга овқатландик. Устоз уйга кириб кетдилар ва бироз ўтгач қайтиб чиқиб қизларини қишлоқдаги ховлиларига олиб бормоқчи эканликларини айтиб, куёвларидан рухсат сўрадилар. Шундай қилишлари ҳам камтарликларига ва куёвга бўлган ҳурмат ҳамда ижозат эр томондан бўлиш зарурлигини ўз ҳаракатлари бизга таълим берганлар.

Оила мустаҳкамлиги, оилада эр-хотин масъулияти… Булар бугуннинг долзарб мавзусига “айланиб улгурди”. Афсуски, бу ҳолатларга бефарқ қараб туриб бўлмайди. Шундай экан, уйлашдан олдин ўғлимизни ва турмушга узатишдан олдин қизимизга чиройли тарбия қилиб, оилага тайёрлашимиз ота-оналик бурчимиздир. Зеро унутмайликки, “Ҳар ким экканин ўрар”…

Ҳасанбой ОЛИМНАЗАРОВ,
Марғилон шаҳар “Имом Заҳириддин” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan