Ҳайит кунларининг фазилати

Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, яъни жонлиқни нуқсонсиз бўлишига уриниш банданинг Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобидан нишон демак. Қурбонликнинг гўштига ҳам, қонига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас, балки У Зотга фақат банданинг тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса тақвонинг баркамоллиги қилиш учун уринишдир.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй», деган.

Муфассирлар «Кавсар»ни «кўп яхшилик» деб тафсир қилишган. Кавсарни берган Аллоҳга ҳар қанча шукур қилса, шунча оз. Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлик сўйиб, бева-бечораларни тўйдириш ҳам шукурнинг бир кўринишидир.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, «Қурбон ҳайити» намози, «жонлик»дан мурод «Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон», деганлар.

Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен у Зотнинг: «Эй одамлар, хар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик лозимдир» деганларини эшитдим.

Молиявий имконияти кўтарган одамлар жонлиқ сўйиб, унинг гўштини уч қисмга тақсимлаб, бир қисмини хонадонга, қолган икки қисмини эса кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда яқинларга тарқатиб беришнинг савоби улуғ бўлиб, ушбу эҳсон қиёмат куни эгасининг бошига соя бўлиши таъкидланган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда Қурбон ҳайити намозига ҳозир бўлдим. У Зот хутбаларини тугатиб, минбардан тушганларида бир қўчқор келтирилди. Бас, у Зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар».

Қурбонликка аталган жонлиқни Ҳайит номози ўқиб келингандан сўнг сўйилиш бошланиб, учинчи ҳайит куннинг аср намози вақтигача давом этади. Ушбу муддатдан сўнг сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ҳайит кунлари хурсандчилик куни бўлиб, бу кунда азахонлик қилиб йиғлаш, хурсандчилик кунларини мотамга айлантириш мусулмон умматига қайтарилган ишлардандир.

Бунинг ўрнига бу кунни хурсандчиликка айлантириш, фарзанду набираларга ҳайит муносабати билан совғалар улашиш, яқинлару қариндошлар ҳамда дўсту биродарлар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳам хурсанд қилиш – ушбу кунда бажарилиши тарғиб қилинган амаллардандир.

Аллоҳ таоло кириб келаётган ийди Қурбон – Қурбон ҳайити байрамларини барчамизга муборак қилсин!

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,
Қўштепа тумани “Мўйи Муборак” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan