ДолзарбЖаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

“Ҳизбут-таҳрир” даъватидаги хатолар

Охирги асрларда пайдо бўлган, “Ҳизбут-таҳрир”чиларнинг даъват қилишда танлаган услубларини кўриб, уларнинг танлаган услуби Расулуллоҳﷺ ва саҳобалар услубига бир неча жиҳатдан зид ва қарама-қарши экани намоён бўлади.

Биринчидан; “ҳизб”чилар “мен мусулмонман”, дегувчи мўмин-мусулмон ҳалқни даъват қилади. Бунда улар аввал жамият аъзоларини ёппасига иймонсизликда айблаб, куфрга ҳукм қиладиларда, ана ундан кейин “қайта исломлаштириш” ҳаракатига ўтадилар. Расулуллоҳ ﷺ ва саҳобалар эса, “мен мушрикман”, деб будларга топинувчиларни даъват қилар эди. мусулмон бўлганларни эса, амали солиҳда бардавом бўлишга чақирар эдилар.

Иккинчидан; “Ҳизб” ўзининг “исломи”га даъват қилади. Росулуллоҳﷺ ва саҳобалар эса, соф Исломга даъват қилар эди.

Учинчидан; “Ҳизб” фаолиятини мусулмонлардан, ватанпарвар шахслардан, мусулмонларнинг раҳбарларидан яширадилар. Расулуллоҳﷺ ва саҳобалар эса Исломнинг аввалида ўз даъватларини фақатгина ислом душманлари саналмиш мушриклардан яширар эдилар.

Тўртичидан; “Ҳизб” даъват қилинмиш шахсларга аввал, ўзи яшаб турган она ватанига нисбатан бўлган меҳр туйғусини сўндириб, “туғилиб ўсган ватанга садоқатли бўлиш шарт эмас, масжид миноралар бор ҳамма ер бизнинг ватандир, диний эркинлик (бунда улар ўз фаолиятларини бемалол олиб боришни назарда тутатидар) йўқ ерни тарк этиш, ҳижрат қилиш фарз, беғам яшаб юриш ярамайди, уруш-жанжаллар гирдобида қолган биродарларимизга ёрдам учун жангга отланмоқ даркор ” каби сохта шиорлар остида космополитизм (ватанпарварлик, ҳалқларнинг ўз миллий суверенитети ва мустақиллигини ва миллий маданиятни инкор этувчи реакцион ғоя)ни диний ниқоблар остида сингдиришга уринадилар.

Расулуллоҳﷺва саҳобалар эса, энг аввал Аллоҳни бир деб билиш, пайғамбарни ҳақ, деб тан олиш, ота-онага яхшилик қилиш, бошлиққа итоат этиш, қуллар ҳатто кофир бўлса ҳам хўжайинларига итоат қилишга, ватанга садоқат, ватан равнақи учун фидойи бўлиш каби эзгу ишларга чақирар эди.

Бешинчидан; Ҳизбнинг даъвати таъсирига тушганлар космополистга айланадилар. Натижада, ўз ватанини ёмон кўра бошлайди; Ватандаги миллий анъана ва қадриятлар кўзига хунук кўрина бошлайди; Давлати сиёсатига қарши бўла боради; Ўз Давлатини “кофир тузуми” деб ўйлайди; уламоларини айблайди; ота-онасини кофирга чиқаради; қўшнисини сўйиб кетади; Юртини портлатади, Ватанини сотади… Расулуллоҳ ﷺ ва саҳобаларнинг суҳбати ва даъватидан насибадор бўлганлар эса, бунинг акси ўлароқ, ёмон хулқлардан воз кечар, жиноятлардан воз кечиб, яхши ва эзгулик қилишга ошиқар, муҳтожга ёрдам берар, юрти ва ватанини обод этиш ҳаракатига тушар эди.

Демак, бу тоифа пайғамбаримиз ﷺнинг танлаган даъват йўлларидан бормаганлиги аниқдир.

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саид Жалолхонтўра” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close