Ҳушёрлик ва огоҳлик – тинчлик асоси!

Тинчлик – барча халқларнинг, шунингдек, ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади. Чунки тинчлик бор ерда ривожланиш, тараққиёт бўлади.

Афсуски, ён атроф мамлакатларда содир бўлаётган ҳунрезликлар инсонни хавотирга солмай қўймайди. Ана шундай тинчлик кушандалри бор экан, ҳар бир инсон аввало огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшамоғи лозим. Тинчликни қадрлаш уни асраб авайлаш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи.

Динимиз манбаларида айтиладики:

“Икки энг азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”.

Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, унинг йўқолмаслиги эса доимо шукрини қилиш билан бўлади.

Кейинги вақтларда турли бузғинчи оқимлар ва фирқаларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бу эса яна бир бор ҳар бир инсонни ҳушёрлик ва огоҳликка чақиради. Бундай оқимлар ақидаси ғўр, ҳали ҳаёт аччиқ-чучугини билмаган ёшларни ўз домига тортаётгани сир эмас. Бузғинчи оқимлар асосан меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш ва “Интернет” тарғиботи орқали ўз гуруҳига чорлаш ишларини амалга оширмоқда. Хорижда ишлаб юрган айрим ёшларимиз ёт ғоялар таъсирига тушиб, ўз келажагига путур етказибгина қолмай оиласи, маҳалласи қолаверса жонажон Ватанига хиёнат қилишдек қабих ишга қўл урмоқдалар.

Мана шундай таъсир доирасига тушиб қолган ёшларни кўрган-билган чоғимизда бепарво бўлмасдан, уни тузатишга киришмоғимиз лозим. Зеро халқимизнинг бир болага етти маҳалла ҳам ота ҳам она деган мақоли бежизга айтилмаган.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизлардан ким бир мункар  ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, бунга ҳам қодир бўлмаса, шу ёмон ишни бўлишини қалби билан ёмон кўрсин, лекин бу иймони заиф кишининг ишидир”, деб марҳамат қилганлар. Бепарво бўлиш, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўзахдан сақлангиз”… (Таҳрим сураси 6-оят).

Демак, оила аъзоларимизни икки дунё саодатига элтувчи хайрли ишларни қилишга ундаб, ёмонликлардан қайтариб туришимиз лозим.

Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган камчилик, ножўя ҳатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Осойишталик фақат ҳарбий мудофаа эмас. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади.

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаши инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Ҳадиси шарифда айтилганидай: “Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва яхши даража берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

Тинчлигимиз, ватанимиз тараққиёти учун ўзимиз курашмасак четдан биров келиб ёрдамлашиб юбормайди. Огоҳ бўлайлик!.

Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan